ЕР УЧАСТКАСИДА НОҚОНУНИЙ ҚУРИЛИШ: МУАММО ВА УНИНГ ОҚИБАТЛАРИ
2026-03-25 15:45:00 / Янгиликлар

Сўнгги йилларда аҳоли сонининг ортиши ва уй-жойга бўлган эҳтиёжнинг кўпайиши натижасида ер участкаларида ноқонуний қурилиш ҳолатлари ҳам кўпайиб бормоқда. Бу ҳолат нафақат шаҳарсозлик тартибига, балки қонун устуворлигига ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда.
Ноқонуний қурилиш — бу ваколатли давлат органларининг рухсатисиз, тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларисиз ёки белгиланган меъёр ва қоидаларга зид равишда амалга оширилган қурилиш ишларидир. Бундай қурилишлар қатор салбий оқибатларга олиб келади:
-шаҳарсозлик режаларининг бузилиши;
-инфратузилмага ортиқча юк тушиши;
-қўшнилар ҳуқуқларининг бузилиши;
-фавқулодда ҳолатларда хавфнинг ортиши.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра, ноқонуний қурилиш ишларини амалга оширган шахслар маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Масалан, Қарши тумани Хонобод маҳалласида яшовчи фуқаро А.С (исми, фамилияси ўзгартирилган) яшаш уйига туташ бўлган ер майдонидан бир ярим метр баландликда бетон девор қуриб, ноқонуний қурилиш ишларини олиб борганлиги учун Кадастр агентлиги Қарши тумани бўлими томонидан МЖтК 60-моддасининг 3-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари яъни 82.400.000 сўм жарима жазоси қўлланилган. Кейинчлик фуқаро А.С томонидан ноқонуний қурилган мазкур девор ўзининг ҳисобидан бузиб ташланган, бироқ эндиликда фуқаро тайинланга жаримани тўлашга мажбур. Шу сабабли фуқаролардан келгусида ўзбошимчалик билан ҳужжатларсиз ноқонуний қурилиш ишларини олиб боришда эътиборли бўлишлари ва қонунларга риоя этишлари лозим бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, ер участкаларида ноқонуний қурилиш қилиш — бу нафақат қонунбузарлик, балки жамият манфаатларига зид ҳаракатдир.
Жиноят ишлари бўйича
Қарши туман судининг тергов судьяси А.Р.Ашуров.
