Қарши туман ИИБ бошлиғи Отакулов Улуғбек Ахматовичнинг туман аҳолисига мурожаати
2026-02-10 13:55:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Хабарингиз бор, муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 5 январь куни “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 1-сонли ҳамда “2026 йилда республика маҳаллаларида жиноятчиликнинг барвақт профилактикаси самарадорлигини янада ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2-сонли қарорлари қабул қилинди.
Мазкур қарорлар билан маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратишнинг ташкилий-профилактик асосларини замон талабларига мослаштириш, содир этиладиган қонунбузилишларнинг асл омилларини ўз вақтида аниқлаш ва комплекс чора-тадбирлар билан манзилли бартараф этиш орқали жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш тизимининг самарадорлигини янада ошириш долзарб вазифа сифатида белгиланди.
Қарши туманида мазкур қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида туман ҳокимлиги, Прокуратура, Ички ишлар бўлими, туман Қўриқлаш бўлими ва бошқа мутасадди ташкилотларнинг қўшма қарори тасдиқланди.
Шунингдек, илмий-амалий ёндашувлар ва таҳлиллар асосида 2026 йил 1 ойи давомида тумандаги 54 та маҳаллада ҳавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, қолаверса, ўтган 2025 йилда жиноят содир этилган ҳар бир маҳаллаларда криминоген вазиятни барқарорлаштиришнинг самарали тизимини шакллантиришга қаратилган режалар белгилаб олиниб, туман ва маҳаллалар кесимида манзилли чора-тадбирлар “Йўл харита”лари ишлаб чиқилди ҳамда ижро учун масъуллар белгиланди.
Тумандаги криминоген вазияти оғир маҳаллаларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш бўйича самарали тизимни йўлга қўйиш ҳамда криминоген вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган манзилли ишларни ташкил этиш мақсадида 3 та маҳалла яъни Талликурон, Қорақуччи, Кат маҳаллаларига тумандаги маъсул раҳбарлар номма-ном бириктирилди.
Шу билан бирга, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллаларда ижтимоий профилактика тадбирлари амалга оширилиши лозим бўлган шахсларнинг рўйхатлари шакллантирилиб, уларга доир маълумотлар “маҳалла еттилиги”га тақдим этилиши натижасида бугунги кунга қадар 14 нафар фуқаронинг муаммолари ўрганилиб ижобий ҳал этилди ва қўшма хулосалар тузилди.
Бундан ташқари, спиртли ичимликка ружу қўйган 465 нафар шахс томонидан келгусида ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида туман тиббиёт бирлашмаси билан ҳамкорликда тиббий кўрикдан ўтказилиб, 28 нафари белгиланган тартибда мажбурий даволаниш учун вилоят наркалогия шифохонасига ётқизилиши таъминланди.
Тумандаги ҳуқуқ тартибот ва бошқа масъул идоралар билан ҳамкорликда аҳоли орасида олиб борилган тарғибот-ташвиқот тадбирлари натижасида 104 дан зиёд хонадонлар ва 8 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари Қўриқлаш бўлими томонидан техник қўриқловга олинишига эришилди. Шунингдек, кўп қаватли уйларнинг кириш-чиқиш йўлаклари олдига 4 та “ташвиш тугма”лари ҳам ўрнатилди.
Шу ўринда сиз азиз фуқаролардан, келгусида ўғирлик ва бошқа турдаги жиноятларни олдини олиш, шунингдек, ўз хонадонларингиз ҳамда бошқа мол-мулкларингизни хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тумандаги Қўриқлаш бўлимининг техник қўриқлов пултига уланишингизни тавсия этаман.
Бугунги кунда техник қўриқлаш объектига уланган барча турдаги объектлардан бўладиган чақирувларга Қўриқлаш хизматининг махсус автопатрул гуруҳи ходимлари қисқа вақтларда яъни 3-5 дақиқа оралиғида етиб бориши тизими йўлга қўйилган.
Тумандаги маҳаллаларда, жамоат жойлари ва яшаш хонадонларида хавфсиз муҳит яратиш, фуқаролар ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига ҳар қандай тажовузларнинг олдини олиш мақсадида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига замонавий рақамли технологиялар ва техник воситаларни кенг жорий этиш мақсадида маҳаллаларнинг кириш-чиқиш жойлари, кўп қаватли уйлар, савдо марказлари, бозорлар ҳамда мактабларга жами 86 та замонавий турдаги видеокузатув камералари ўрнатилди.
Муҳтарам юртбошимизнинг 1-сон қарорлари ижросини таъминлаш юзасидан олиб борилган ҳамкорликдаги чора-тадбирларимиз натижасида жорий йилнинг 1 ойи якуни бўйича таҳлилларга кўра, криминоген вазияти оғир маҳаллалар тоифасида бўлган Талликурон маҳалласида олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар салмоғи камайишига эришиш ҳамда криминоген вазияти оғир маҳаллалар тоифасидан чиқариш бўйича манзилли ишлар олиб борилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар ҳуқуқ тартибот ва бошқа масъул идоралар билан ҳамкорликда эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда, айрим турдаги жиноятлар салмоғи ошганлигини кузатишимиз мумкин.
Биргина мисол тариқасида, жорий йилнинг 1 ойи давомида қайд этилган жами жиноятларнинг 28 таси ёки 56 фоизини ахборот технологиялари воситасида яъни содда қилиб айтганда кибермаконда содир этилган жиноятлар ҳиссасига тўғри келишини кўришимиз мумкин.
Ушбу жиноятларнинг содир этилиш сабаб ва омилларини таҳлил қилганимизда фуқароларимиз осон ва мумай даромад орттириш мақсадида интернетдаги моддий ёрдам, онлайн кредит, ютуқли ўйин ғолиби каби алдовлар билан юборилган сохта ҳаволаларга киришлари, телефон қўнғироқларида ўзини банк ходими сифатида таништирган нотаниш шахсга “СМС кодни” беришлари ёки онлайн дўконлар орқали “сотувчи” ёки “харидор” сифатида фирибгарлар тузоғига тушишлари оқибатида банк пластик карталаридаги пул маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари кўплаб учрамоқда.
Ушбу мурожаатим орқали сиз азиз фуқаролардан, ижтимоий тармоқлар ҳамда электрон почта манзиллари орқали юборилган шубҳали ҳаволаларга кирмасликни, онлайн дўконлар орқали маҳсулотни қабул қилмасдан ёки кўрсатилмаган хизмат учун олдиндан тўловни амалга оширмасликни ҳамда шахсий маълумотларни бегона шахсларга тақдим этмасликни ва ижтимоий тармоқларга жойлаштирмасликни сўраб қоламан.
Бундан ташқари, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки 1 ой давомида содир этилган 9 та ўғирлик жиноятининг 2 таси ҳам чорва ўғирлик жиноятлари ташкил этмоқда.
Юқоридаги таҳлиллардан келиб чиқиб фуқароларимиздан, қаровсиз қолаётган хонадонларини қўриқлаш пултига улатиш ёки кузатув камералари ўрнатиш чораларини кўриш, йирик ва майда шохли чорва молларини, автотранспорт воситаларини қаровсиз ва очиқ ҳолда ташлаб кетмаслик, телефон ва қимматбаҳо буюмларини олиб юришда лоқайд бўлмасликларини сўраб қоламиз.
Бу билан Сиз ўз мулкингиз хавфсизлигини таъминлаган ва жиноятларни олдини олишга ҳиссангизни қўшган бўласиз.
Ҳурматли тумандошлар!
Мурожаатим сўнгида сизларни огоҳликка чақирган ҳолда аҳоли хавфсизлигига турли хатарлар бўйича, шунингдек бошқа шахслар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар тўғрисида маълумотлар бўлса 102-қисқа рақами орқали ёки “ишонч телефон”ларимизга мурожаат қилишингизни сўраймиз. Албатта хабар берганларнинг шахсига доир маълумотлар сир сақланишига кафолат берамиз.
Эътиборларингиз учун раҳмат!
