КОРРУПЦИЯНИ ОЛДИНИ ОЛИШ – УМУММИЛЛИЙ ВАЗИФА
2025-12-22 13:10:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбари томонидан коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилишда коррупцияни жиловлаш борасидаги ишлар таҳлил этилиб, келгусидаги долзарб вазифалар белгилаб берилди.
“Ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов – бу коррупциядир. Буни дунё тажрибаси ҳам тўлиқ тасдиқлайди. Коррупция оқибатида жаҳон иқтисодиёти йилига 3 триллион доллар зарар кўраётгани бу глобал хавф эканидан далолат. Коррупция шундай ёвуз иллатки, у халқнинг давлатга, Конституция ва қонунларга ишончига путур етказади, барқарор ривожланиш ва хавфсизлик учун жиддий таҳдидга айланади”, - деди Президентимиз.
Мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича аниқ тизим яратилди, алоҳида қонунлар қабул қилинди. Парламент палаталарида масъул қўмиталар ҳамда маҳаллий Кенгашларда масъул доимий комиссиялар фаолият олиб боришмоқда. Йиғилишда Сенат камида 1 та ҳудудда жиноятчиликни кескин қисқартириш бўйича, Қонунчилик пaлатаси эса камида 1 та соҳада коррупцияга барҳам бериш бўйича таклифлар бериб бориши бу борадаги ишлар натижадорлигини янада оширишига ишонч билдирилди.
Юқорилардан келиб чиқиб, Халқ депутатлари Қарши туман Кенгаши депутатлари ҳам коррупция юқори бўлган камида 2 та соҳада маиший ва тизимли коррупция омилларини чуқур ўрганиб, таҳлиллар асосида қайси жараёнга ўзгартирилишлар киритиш юзасидан тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида Кенгаш сессияларида маъсулларни ҳисоботларини эшитиш амалиётини йўлга қўйишимиз зарур.
Биз депутатлар юртбошимизга камарбаста бўлган ҳолда коррупцияни олдини олишда кенг жамоатчилик кўмагида сидқидилдан ишлашимиз талаб этилади. Ана шундагина бу глобал хавфни бартараф эта оламиз. Бир сўз билан айтганда, давлат раҳбари томонидан коррупцияни олдини олиш бўйича илгари сурилган ҳаётий ташаббуслар бу йўлда барча ҳаракатларни бирлаштириш ва иллатга қарши биргаликда, бир тану бир жон бўлиб курашиш кераклигини талаб этади. Зеро, бу умуммиллий саъй-ҳаракатларимиз шубҳасиз, мамлакатимизнинг яқин ва узоқ йиллар учун белгилаб олинган ривожланиш стратегияларини тўлиқ амалга оширишга хизмат қилади.
Д. ТУРСУНОВ,
Халқ депутатлари Қарши тумани кенгаши котибият мудири.
