Имконияти чекланган фуқароларимиз ўртасида спорт мусобақаси ташкил этилди.
2025-04-25 18:35:00 / Янгиликлар

Орамизда шундай инсонлар борки, имконияти чекланган бўлишига қарамасдан ўзида куч-ғайрат тўплаб, бор билимини, қалбидаги яшашга бўлган интилишини сўндирмасдан тинимсиз изланиб, спорт билан мунтазам шуғулланиб жамиятда ўз ўринларини топиб улгурган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 8 ноябрдаги «Ногиронлиги бўлган шахсларни спортга жалб қилиш орқали жисмоний реабилитация қилишни жадаллаштириш тўғрисида»ги 389-сонли қарори шундай фуқароларимиз учун катта имконият бўлди.
Қарорга асосан, Қораўзак тумани ҳокимлиги, «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази, спорт мактаби, Ёшлар ишлари агентлиги томонидан «Беш ташаббус» олимпиадаси доирасида пара спорт мусобақалари ташкил этилди.
Мусобақада туман ҳудудидаги маҳаллалардан ногиронлиги бўлган 348 нафар фуқаро, 200 нафардан ортиғи пара спортнинг 4 тури бўйича ўзаро беллашди. Ушбу спорт мусобақалари спортчиларимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш билан бирга, жамиятдаги фаолликни оширишда ҳам муҳим қадам ҳисобланади. Мусобақа якунида спорт ўйинлари ғолибларига туман ҳокимлиги, ҳомий ташкилотлар томонидан қимматбаҳо совғалар ва фахрий ёрлиқлар тантанали равишда топширилди. Ғолиблар спортнинг кейинги босқичига йўлланма олди.
