Ижтимоий ҳимоя ягона реестри
18 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола 3 ёшга тўлгунга қадар уни парвариш қилиш нафақаси, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам ҳамда ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун ҳар ойлик пулли компенсация тайинланади. Ушбу жараён «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали аниқланади.
«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида кам таъминланган оила сифатида рўйхатга олинган оилаларга қуйидаги ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар бепул ёки имтиёзли шартларда кўрсатилади.
Ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар рўйхати:
-
давлат мактабгача таълим муассасаларида ота-оналар тўловидан озод этиш;
-
мактабгача таълим муассасаларида белгиланган миқдорларда ота-оналар тўловини тўлаш;
-
умумий ўрта таълим мактабларида дарсликлар ижара тўловларидан озод этиш;
-
умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари учун қишки кийим-бош билан таъминлаш;
-
айрим фанларни ўқитишга ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларини овқатланиш харажатларидан озод этиш;
-
санъат мактаблари, мусиқа мактаблари, «Баркамол авлод» марказлари ва бошқа мактабдан ташқари таълим муассасаларида ўқиш харажатларидан озод этиш;
-
кам таъминланган оилаларнинг ногиронлиги бўлган аъзоларини протез-ортопедия мосламалари билан таъминлаш;
-
ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларида бепул махсус (амбулатор ёки кундузги) тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича йўлланма (ордер) олиш.
Батафсил:
2021 йил 1 январдан бошлаб давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдамини тақдим этишда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қуйида назарда тутилган ҳужжатлар ва маълумотларни фуқаролардан талаб этишга йўл қўйилмайди.
2022 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва давлат ташкилотлари томонидан аҳолидан, шу жумладан тадбиркорлик субъектларидан қуйидаги фактларни тасдиқловчи маълумотлар ёки ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади.
Ҳаётий мисол
Савол: Й. исмли шахс «Ижтимоий ҳимоя ягона тизими» қандай тизим эканлиги ва унинг қандай ижобий томонлари борлиги ҳақида тушунтириш беришни сўради.
Жавоб:
«Ижтимоий ҳимоя ягона тизими» — ижтимоий ҳимояни амалга ошириш учун инсон омилисисиз оиланинг (фуқаронинг) ижтимоий ҳимояга муҳтожлигини автоматик равишда аниқлайдиган, ижтимоий ҳимояни амалга оширадиган ва уни назорат қиладиган, харажатлар ҳисобини юритадиган автоматлаштирилган ахборот тизимидир.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ушбу ахборот тизимининг эгаси ва фойдаланувчиси ҳисобланади.
Мазкур ахборот тизими тажриба-синов тариқасида Сирдарё вилояти ҳудудида 2019 йил 1 октябрдан бошлаб ишга туширилган бўлиб, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб республика ҳудудининг барча ҳудудларида тўлиқ фаолият юритмоқда.
Ҳозирги кунда ушбу тизим орқали 21 та вазирлик ва идоранинг маълумотлар базалари билан реал вақт режимида электрон ахборот алмашинуви асосида 40 дан ортиқ турдаги маълумотлар олинмоқда.
Ушбу тизимнинг афзалликлари қуйидагилардан иборат:
Биринчидан, фуқароларнинг ижтимоий ҳимоядан фойдаланишлари учун зарур бўлган маълумотлар автоматик тарзда йиғилади ва фуқароларнинг турли идораларга бориб сарсон бўлишининг олди олинади.
Иккинчидан, кам таъминланганликни эътироф этиш ҳамда ижтимоий нафақаларни тайинлаш ёки рад этиш жараёни максимал даражада шаффоф бўлади. Нафақани тайинлаш ёки рад этиш тўғрисидаги қарор фақат ушбу ахборот тизими томонидан, унга киритилган мезонлар асосида қабул қилинади ва бунда инсон омили иштирок этмайди.
Учинчидан, мазкур тизим кўрсатилаётган ижтимоий ҳимоя чораларининг ягона маълумотлар базасига айланади ва шу орқали ижтимоий ёрдамга муҳтож барча оилаларни автоматик тарзда аниқлаш ҳамда уларга манзилли ёрдам кўрсатиш имконини беради.
Норматив ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори, 2020 йил 4 августда қабул қилинган PQ–4797-сон қарор.
«Кам таъминланган оилаларни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали аниқлаш ҳамда уларга ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низом.
