Ер участкаларини реализация қилишда замон талаблари мувофиқлаштирилмоқда
2025-09-11 15:10:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 4 сентябрдаги 559-сонли қарори билан электрон аукционлар орқали ер участкаларини сотиш ва кадастр соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш тартиб-таомилларини такомиллаштириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.
Унга кўра:
-
кичик саноат зоналари ҳамда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналаридаги ер участкаларини электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқаришда ушбу саноат ва тадбиркорлик зоналари дирекциялари буюртмачи ҳисобланиши;
-
олис ва чўл ҳудудларда ташкил этиладиган ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналаридаги ер участкалари 2025 йил 5 сентябрдан бошлаб “1 сўм” харид қийматида аукционга чиқарилиши белгиланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг ҚҚС тўловчи юридик шахслар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган электрон ахборот тизими “E-auksion” электрон онлайн-аукцион савдо платформасига интеграция қилинади.
Кўп квартирали турар жойлар қуриш учун ер участкалари бўйича аукцион ғолиблари ажратилган ерда қурилиш ишларини бошлаб, уни фойдаланишга топширгунга қадар бўлган жараёнларни “Онлайн маҳалла” электрон платформасида мониторинг қилиб бориш тизими яратилади.
Шу билан бирга, “E-auksion” электрон онлайн-аукцион савдо платформаси ва Кадастр агентлигининг “UZKAD” кадастр ва кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш интеграцион ахборот тизими билан интеграция қилинади ва бу аукционда реализация қилинган ер участкалари тўғрисидаги маълумотларни электрон платформада реал вақт режимида маҳаллалар кесимида кузатиш имконини беради.
“Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш” АЖ
Қашқадарё вилояти вакили
