Киберфирибгарлик – замонавий таҳдид!
2025-09-05 18:10:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ҳурматли туманимизнинг ҳушёр ва фаол фуқаролари!
Бугунги кунда ахборот технологиялари жадал ривожланар экан, афсуски, бу имкониятлардан турли киберфирибгарлар ҳам фойдаланмоқда. Улар ижтимоий тармоқлар орқали одамларни ишонтиришнинг янги ва мураккаб усулларини қўлламоқдалар.
Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан бундай жиноятларга қарши курашиш, уларни фош этиш ва аҳоли орасида киберсаводхонликни ошириш бўйича доимий чоралар кўрилмоқда. Аммо шунга қарамасдан, фуқаролар томонидан киберфирибгарлик бўйича мурожаатлар сони камаймаётгани биздан янада ҳушёр бўлишни талаб қилади.
❗ Сиз ҳам киберқурбонга айланиб қолмаслигингиз учун қуйидаги маслаҳатларга амал қилишингизни сўрайман:
-
Пул эвазига номингизга банк картаси очиб, уни бошқаларга бериш — қонуний жавобгарликка олиб келади. Бу орқали фирибгарлар бошқа шахсларнинг пулларини ўзлаштирмоқда.
-
“Сенинг расмларинг”, “Сени телевизорда кўрсатишяпти”, “Тўйга таклифнома” каби номлар билан юборилаётган .apk иловалар ва шубҳали ҳаволаларга босманг — улар орқали қурилмангизга зарарли дастур ўрнатилиши мумкин.
-
Интернетда қисқа вақтда пулни кўпайтириб беришни ваъда қилаётган "трейдер", "инвестор", "букмейкер"лар — кўп ҳолларда оддий фирибгарлардир.
-
Онлайн савдо платформаларида нархи жуда арзон қилиб кўрсатилган маҳсулотларга шошиб пул юборманг. Бу — классик тузоқ!
-
“Акция ғолибисиз” ёки “омадли ўйинда ютибсиз” каби ёлғонларга ишониб, фирибгарга ўзингиз пул тўлаб қўйишингиз мумкин.
-
Ижтимоий тармоқдаги аккаунтларингизда шахсий маълумотлар, жумладан, фарзандларингиз ҳақидаги маълумотларни жойлаштирманг. Улар фирибгарлар қўлига тушмаслиги керак.
-
Яқин танишингиз номидан келган “қарз сўраш” хабарларига ишонмасдан олдин алоқага чиқиб, тасдиқ олинг.
-
“Чет элдаги бой қариндош”дан келган миллионлар ҳақидаги мактубларга ишонманг. Бу — кўп йиллардан бери қўлланилаётган фирибгарлик схемаси.
-
“Онлайн иш” таклиф қилиб, шахсий маълумотларингизни сўраётганларга ҳеч қачон ҳужжат юборманг!
Номингиздаги банк картаси ва уни бошқариш учун мобиль иловалар орқали амалга ошириладиган операцияларда юқори хавфсизлик талабларига риоя қилинг.
Осон бойлик ваъда қилувчи ҳар қандай реклама ва эълонларга шубҳа билан қаранг. Чунки ҳақиқий бойлик — фақат меҳнат орқали келади.
Telegram'даги маҳаллий гуруҳларга "Xavfsiz internet yordamchisi" — @kiber_yordamchi_bot ни админ сифатида қўшишингизни сўраймиз. Ушбу бот шубҳали файллар ва фейк ҳаволаларни автоматик аниқлаб, ўчиришга ёрдам беради.
📞 Агар сизни ёки атрофингиздаги фуқароларни киберфирибгарлик ёки бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатлари безовта қилаётган бўлса, бизга мурожаат қилинг:
Ишонч телефонларимиз фаол.
Сизнинг шахсий маълумотларингиз тўлиқ махфий сақланиши кафолатланади.
Эътиборингиз учун раҳмат. Огоҳ бўлинг — ўзингиз ва яқинларингизни ҳимоя қилинг!
