Ўзбек тили байрами куни
2026-10-21 / Воқеалар тақвими

1989 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинган. Ушбу қонун ўша даврда халқимизнинг мустақиллик учун қўйилган дастлабки қадами бўлган, десак асло муболаға бўлмайди. Қонун моддаларида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тили” эканлиги ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилиниши белгиланганлиги муҳим аҳамият касб этган. 2020 йил 10 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши эса халқимизнинг дилидаги, орзусидаги иш бўлган эди. Ушбу қонун билан ҳар йили 21 октябрь мамлакатимизда “Ўзбек тили байрами куни” сифатида кенг нишонланади.
Миллатнинг нуфузи ана шу миллат, халқ тилининг қанчалик кенг тарқалганлиги, мукаммаллиги, оммалашганлиги, бой ва софлиги билан белгиланади. Шу маънода айтиш жоизки, она тилимиз – ўзбек тили ҳам асрлар оша ўз софлигини, ўзига хос жиҳатларини сақлаб, сайқалланиб, яшаб келаётган дунёдаги ўнлаб тиллардан бири ҳисобланади. Она тилимиз миллатимиз кўрки, ғурури сифатида халқаро миқёсда эътироф топган. Айниқса, Президентимиз 2020 йилда БМТ Бош Aссамблеясининг онлайн тарзда ўтказилган 75-сессиясида, яқинда бўлиб ўтган 78- сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлаганлиги она тилимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада оширди.
