Қамаши туманида энергия самарадорлигини ошириш бўйича амалий семинар ташкил этилди
2025-07-18 10:50:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Қашқадарё вилоятини комплекс ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган йиғилишда Қарши шаҳри, Кўкдала, Нишон ва Қамаши туманларида хонадонларни энергия самарадор тизимларга ўтказиш бўйича аниқ вазифалар белгиланган эди.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Энергия самарадорлиги миллий агентлиги масъул ходимлари иштирокида Қамаши туманида семинар ташкил этилди. Тадбирда туман ҳокими Хуршид Усмонов, туман ҳокими ўринбосарлари, тегишли ташкилотлар ва маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари иштирок этди.
Семинар доирасида Энергия самарадорлиги миллий агентлигининг асосий вазифалари, жумладан, аҳоли уй-жойларида энергия самарадорлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Жумладан:
➖аҳоли турар жойларида энергия аудитини ўтказиш харажатлари 100 фоиз қоплаб берилиши;
➖қуёш панеллари ва гелиоколлекторлар қийматининг 20 фоизи субсидия шаклида қопланиши;
➖иссиқлик насослари қийматининг 40 фоизини қоплаш учун субсидия ажратилиши;
➖“Яшил таъмир” кредитлари бўйича фоиз ставкасининг 19 фоиздан ортиқ қисми “Яшил лойиҳа” сертификати асосида давлат томонидан қоплаб берилиши қайд этилди.
Семинар давомида хонадонларни энергия самарадор тизимларга ўтказишнинг аҳоли учун ижобий жиҳатлари, жумладан, тежамкорликка олиб келиши мисоллар орқали тушунтирилди.









