Қамаши тумани прокурори Б.Б.Баҳодировнинг МУРОЖААТНОМАСИ
2025-07-09 17:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Президентимиз ана шу янгиланиш ва ўзгаришларнинг самарадор бўлиши кафолати сифатида мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жиноятчиликка қарши кураш тизимини тубдан яхшилашни давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтардилар.
Зеро, мазкур ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга ошиши барча соҳаларда қонун талабларига сўзсиз риоя этиш ҳамда жиноятчилик каби иллатларнинг олдини олиш билан бевосита боғлиқдир.
Азиз қамашиликлар!
Ўзбек ватандошимизми, чет эллик тадбиркор ёки сармоядор бўладими, барчалари Ўзбекистонда тинч, осуда ва муносиб ҳаёт шароити билан таъминланган, ҳаёти ҳар қандай жиноий таҳдидлардан кафолатли ҳимояланган бўлиши шарт. Қонун устуворлигини таъминламай туриб, бу вазифаларга эришишнинг имкони йўқ.
“Янги Ўзбекистон”да ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш умуммиллий долзарб вазифага айлантирилди.
Тумандаги криминоген вазият аҳолининг турмуш тарзи, моддий ва ижтимоий аҳволи, тадбиркорлик ҳамда бизнес муҳитига катта таъсир кўрсатади. Шу боис, у алоҳида ёндашув талаб этадиган масала ҳисобланади.
Туманимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг янги механизмлари жорий этилмоқда. Бу ишлар кундалик ҳаётимизда ҳам ўз самарасини кўрсатмоқда. Жиноятлар учун жазо муқаррарлигини таъминлаш қанчалик муҳим бўлса, уларни келтириб чиқараётган сабаб ва омилларни бартараф этиш ҳам шунчалик аҳамиятга эга.
Шу боис, туманнинг ҳар бир кўчасида, маҳалласидан тортиб, бозори ва жамоат жойларида хавфсиз муҳит яратиш чоралари кўрилмоқда. Биз жиноятчиликни жиловлашдек олий мақсадни олдимизга қўйганмиз.
Президентимизнинг 2025 йил 3 январдаги маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини оширишга қаратилган 1-сонли қарори асосида жиноятларнинг сабабларини “маҳаллабай” ва “соҳабай” муҳокама қилиш тартиби, маҳаллаларни криминоген даражасида тоифалаш тизими, “маҳалла еттилиги” институти ҳамда “ижтимоий профилактика” тамойили асосида ҳуқуқбузарликларнинг самарали олдини олиш чоралари амалга оширилмоқда.
Қарорга мувофиқ, ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликнинг эрта олдини олиш ва криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича янги механизм жорий этилди. Менинг раҳбарлигимда туман идоралараро мувофиқлаштирувчи штаб ташкил этилди, ишчи гуруҳ таркиби тасдиқланди ҳамда аниқ вазифалар белгиланди.
Қарор ижроси доирасида тумандаги 61 та маҳалланинг 3 таси “қизил”, 11 таси “сариқ” ва 47 таси “яшил” тоифага киритилди. Криминоген вазияти оғир бўлган 3 та маҳаллага масъул раҳбарлар номма-ном бириктирилди.
Барча маҳаллалар бўйича чораклик манзилли “йўл хариталари” ишлаб чиқилди. Йил бошидан бошлаб аҳоли гавжум жойлар, кўп қаватли уйлар ҳовлиси, бозорлар, савдо марказлари ва маиший хизмат объектларига 649 та камера, 28 та домофон мажмуаси, 14 та “ташвиш тугмаси” ўрнатилди. Шунингдек, 425 та савдо ва маиший хизмат объектлари техник қўриқловга олинди.
Маҳаллаларда фуқароларни огоҳликка чақирувчи “Ҳудуд камера назоратида!”, “Объект қўриқловда!”, “Хонадон қўриқловда!” каби 150 га яқин стикерлар жойлаштирилди. 74 та намунавий хавфсиз кўча ва 85 та намунавий хавфсиз йўлак ташкил этилди. 286 та кўчага ёритиш чироқлари ўрнатилди.
2025 йилнинг 6 ойи давомида 2024–2025 йилларда Қамаши тумани ҳудудида содир этилиб, фош этилмасдан келаётган 10 дан ортиқ ўғирлик жиноятлари Қамаши туман ИИБ Тезкор-қидирув бўлинмалари ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан фош этилди. Ҳар бири 2–4 нафардан иборат 4 та жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу билан жиноятга жазо муқаррарлиги ҳамда фуқароларнинг мулкий дахлсизлик ҳуқуқи таъминланди.
Айрим фуқароларимизнинг бепарволиги оқибатида мол-мулк, техника воситалари, чорва моллари ёки уй атрофини қаровсиз қолдириш ҳолатлари 9 та ўғирлик жиноятига сабаб бўлгани аниқланди.
Амалга оширилаётган ишлар бир кунлик ёки ҳисобот учун эмас. Бу тизимли ва доимий ислоҳотлардир.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда аҳоли диққат қаратиши лозим бўлган бир нечта жиноий омиллар мавжуд. Хусусан, фирибгарлик ва ўғирлик жиноятлари кўпинча ахборот технологиялари ва ижтимоий тармоқлар орқали амалга оширилаётгани жиддий ташвиш уйғотмоқда.
Сўнгги вақтларда Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари илгари деярли дуч келмаган кибержиноятлар сони ортиши туфайли, катта ташкилотчиликни талаб қиладиган чоралар кўрилмоқда.
Маълумот ўрнида: тумандаги жиноятларнинг 36,8 фоизини ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар ташкил этмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида фақатгина пластик карталар орқали пул ечиб олиш билан боғлиқ 49 та жиноят иши қўзғатилиб, фуқароларга 424,3 миллион сўмга яқин моддий зарар етказилгани аниқланган.
Илгари бундай жиноятларга қарши курашиш тизими мавжуд эмас эди. Шунинг учун фуқаролардан фирибгарлик қурбони бўлмаслик учун интернет ижтимоий тармоқларида тарқатилаётган фейк хабарларга ишонмасликларини, банк карталари ва ҳисоб рақамлари ҳақидаги маълумотларни махфий сақлашларини сўрайман.
Азиз юртдошлар!
Жиноятларга қарши курашишда прокуратура органлари ҳамкорликка тайёр. Жамоатчиликни жиноятларнинг ҳар қандай кўринишига қарши биргаликда фаол ҳаракат қилишга чақириб қоламан.
Жиноятларнинг фош этилиши ва олди олинишида халқимизнинг масъулият, ташаббускорлик ҳамда дахлдорлик ҳисси билан ёндашуви жуда муҳим.
Шуни алоҳида таъкидлашни истайманки, жиноятнинг ҳар қандай кўринишига нисбатан тезкор ва қатъий чора кўрилиши, жиноят содир этганларга жазо муқаррар бўлишига шахсан кафолат бераман.
Барчамиз жиноятдан холи Янги Ўзбекистон учун бирлашайлик!
