Шартнома тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш усуллари
2026-09-07 13:20:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда.
Кундалик ҳаётда уй-жой сотиб олиш, ижарага бериш, қарз бериш ёки олиш, коммунал хизматлардан фойдаланиш каби жараёнларда доимий равишда фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга киришамиз.
Бу муносабатларнинг асосини эса шартнома ташкил этади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига асосан, шартнома икки ёки бир неча шахснинг фуқаролик ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилаш, ўзгартириш ёки тугатиш тўғрисидаги келишуви ҳисобланади.
Шартнома тузишда бир қатор муҳим жиҳатларга эътибор қаратиш лозим. Хусусан, фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркиндирлар. Муайян мажбурият юклаш мақсадида кимсани шартнома тузишга мажбурлаш қонунан ман этилади. Шартномалар оғзаки ёки ёзма (оддий ёзма ёки нотариал тасдиқланган) шаклда бўлиши мумкин. Қонунчиликда белгиланган ҳолларда, масалан, кўчмас мулк (уй-жой, ер) ва автотранспорт воситалари олди-сотдиси, гаров ва узоқ муддатли ижара шартномалари мажбурий равишда нотариал тартибда расмийлаштирилиши шарт. Нотариал шаклга риоя қилмаслик шартноманинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади. Шартнома тузилган деб ҳисобланиши учун томонлар унинг барча муҳим шартлари бўйича ўзаро келишувга эришган бўлишлари керак. Бундай шартларга шартноманинг предмети (нима ҳақида эканлиги), баҳоси, ижро муддатлари ва томонларнинг мажбуриятлари кабилар киради.
Шартнома тузилгандан сўнг, вақт ўтиши билан ҳаётий вазиятлар ёки иқтисодий ҳолатлар ўзгариши мумкин. Бундай вазиятда шартнома шартларини қонуний равишда ўзгартириш талаб этилади.
Қонунчиликка кўра, шартномани ўзгартириш усуллари белгилаб қўйилган бўлиб, жумладан томонларнинг ўзаро келишуви билан: бу энг мақбул йўл ҳисобланади, иккала томон ҳам ўзгаришга рози бўлса, асосий шартномага қўшимча келишув (битим) тузилади, қўшимча битим асосий шартнома қайси шаклда тузилган бўлса, худди шу шаклда (масалан, нотариал бўлса, нотариус орқали) расмийлаштирилади. Шунингдек, агар бир томон шартномани ўзгартиришни талаб қилса, иккинчи томон эса бунга рози бўлмаса, масала суд тартибида ҳал этилади. Бунда шартнома тузишда асос бўлган вазиятларнинг тубдан ўзгарганлиги ёки бир томон шартномани жиддий равишда бузганлиги исботланиши керак. Бундан ташқари фақат қонунда ёки шартноманинг ўзида аниқ кўрсатилган алоҳида ҳоллардагина шартномани бир томонлама ўзгартиришга йўл қўйилади.
Шартномавий муносабатларни тўхтатиш ва мажбуриятлардан халос бўлиш ҳам фақат қонунда белгиланган тартибда амалга оширилиши лозим. Шартнома бир қатор усуллар билан бекор қилиниши, масалан ўзаро розилик асосида: томонлар шартномани давом эттиришдан манфаатдор бўлмаса, уни бекор қилиш тўғрисида келишув имзолайди ва шу пайтдан бошлаб мажбуриятлар тугайди; агар бир тараф шартнома шартларини жиддий равишда бузса ва бу иккинчи тарафга сезиларли зарар келтирса, судга шартномани бекор қилиш ва етказилган зарарни ундириш даъвоси билан мурожаат қилиниши мумкин. Судга даъво аризаси тақдим этишдан олдин иккинчи томонга шартномани бекор қилиш ҳақида расмий таклиф юбориш мажбурий ҳисобланади. Шу билан биргаликда агар шартномада ёки қонунда муайян шартлар асосида шартномани бажаришдан бир томонлама бош тортиш ҳуқуқи кўзда тутилган бўлса (масалан, ижарачини 1 ой олдин огоҳлантириб, уйни бўшатишни талаб қилиш), шартнома судсиз, расмий билдиришнома юбориш орқали бекор қилиниши мумкин.
Муқумова Адолат Ахматовна
Қашқадарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судьяси
