РАДДИЯ
2026-08-22 21:20:00 / Янгиликлар

Мазкур маълумотлар воқеанинг асл моҳиятини акс эттирмайди.
Аввало, “Сарбозор” маҳалласида инфратузилмани яхшилаш бўйича ишлар маҳалла раисининг шахсий ташаббуси ёки хонадони учун эмас, балки аҳоли билан ўтказилган учрашув ва муҳокамалар натижасида шаклланган режалар асосида бошланган.
Йил бошида “Сарбозор” маҳалласида аҳоли ва тадбиркорлар билан учрашуи ўтказлииб, маҳалланинг мавжуд муаммолари ва инфратузилмасини яхшилаш масалаларини муҳокама қилган. Учрашувда аҳоли фикрлари ўрганилиб, маҳаллада амалга оширилиши лозим бўлган аниқ лойиҳалар белгиланган.
Жумладан, дастлабки босқичда умумий қиймати 3 миллиард сўмлик ишлар режалаштирилган. Уларнинг таркибига:
- 0,4 кВ кучланишдаги 1 километр электр тармоғини тортиш;
- 30 дона бетон устун ўрнатиш;
- “Ўрнак” ва “Токзор” кўчаларига 2 километр тунги ёритиш чироқларини ўрнатиш;
- маҳалланинг ички кўчаларидан 3 километр қисмини асфальтлаш;
- аҳоли томорқаларини сув билан таъминлаш учун артезиан қудуғи қазиш;
- “Бир контур — бир маҳсулот” тамойили асосида қудуқ барпо этиш;
- 300 кВт қувватга эга қуёш панелларини ўрнатиш каби ишлар киритилган.
Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу режалар битта хонадон ёки маҳалла раиси хонадонига эмас, балки бутун маҳалла инфратузилмаси ва аҳоли манфаатларига қаратилган.
Шу сабабли “барча бунёдкорлик ишлари маҳалла раисининг уйи тўғрисида тўхтайди” қабилидаги хулоса ҳақиқатга тўғри келмайди. Аниқ манба, ҳужжат ёки факт билан тасдиқланмаган тахминларни жамоатчиликка ҳақиқат сифатида тақдим этиш холис журналистика тамойилларига ҳам мос эмас.
Шунингдек, икки фуқаронинг шахсий мулоқотига оид ҳолатни маҳалладаги давлат дастурлари ва инфратузилма лойиҳалари билан боғлаб, бутун жараённи “маҳалла раиси ўз уйигача йўл қилдириб олди” деган мазмунда талқин қилиш ҳам воқеликни бир томонлама ёритиш ҳисобланади.
Маҳаллада амалга оширилаётган ишлардан мақсад — аҳоли учун қулай шароит яратиш, электр таъминотини яхшилаш, кўчаларни ободонлаштириш, ёритиш ва аҳоли даромадларини оширишдир.
Жамоатчиликка ахборот тарқатишда эса ҳар қандай ҳолатни холис ўрганиш, тегишли томонларнинг фикрини эшитиш ва тасдиқланган фактларга таяниш муҳим.
“Сарбозор” маҳалласидаги ободонлаштириш ва инфратузилмани яхшилаш ишлари бирор мансабдорнинг шахсий манфаати эмас, балки йил бошида аҳоли билан ўтказилган учрашувда муҳокама қилиниб, белгиланган режалар асосида амалга оширилаётганини маълум қиламиз.



