Расмий муносабат
2026-06-24 11:45:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган “Қамашида аёлларнинг ризқи бульдозер остида қолмоқда” сарлавҳаси остидаги хабар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Қамаши туманида жойлашган “Қамаши Файз” деҳқон (озиқ-овқат) бозори узоқ йиллар давомида аҳолига хизмат кўрсатиб келган бўлиб, унинг умумий ер майдони 1,56 гектарни ташкил этади. Бозор ҳудудида 72 та савдо дўкони ҳамда 255 та савдо-сотиқ учун ажратилган савдо ўринлари мавжуд бўлган. Мавжуд ҳудуднинг чекланганлиги сабабли бозор атрофидаги кўчаларда ҳам савдо фаолияти амалга оширилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 мартдаги ПҚ–2853-сонли “2017–2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Қамаши тумани ҳокимининг тегишли қарорлари асосида 2018 йилда Оқгузар массивида янги замонавий бозор қурилиши бошланган.
Янги бозорнинг умумий ер майдони 7,6 гектарни ташкил этиб, лойиҳанинг умумий қиймати 45,8 миллиард сўмни ташкил қилади. Мазкур мажмуада 319 та савдо дўкони, 20 та гўшт дўкони, 378 ўринли савдо расталари, ошхона, санитария иншоотлари, маъмурий бино, шунингдек супермаркетлар, омборхона, совуткичлар ва кенг автотураргоҳлар барпо этилган.
Эски бозор ҳудудининг санитария, ёнғин хавфсизлиги, фавқулодда вазиятлар ҳамда муҳандислик-коммуникация талабларига тўлиқ жавоб бермаслиги юзасидан мутасадди ташкилотларнинг тегишли хулосалари олинган. Шунингдек, бозорни кўчириш масаласи халқ депутатлари туман Кенгашида кўриб чиқилиб, белгиланган тартибда қарорлар қабул қилинган.
Бозор ҳудудида фаолият юритиб келган тадбиркорлар ўртасида янги бозорга кўчиш юзасидан ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, иштирокчиларнинг қарийб 90 фоизи мавжуд бозор замон талабларига жавоб бермаслиги сабабли янги бозорга кўчиш истагини билдирган.
Ижтимоий тармоқларда тарқатилган “100 дан ортиқ савдо дўконлари бузилмоқда” деган маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди. Бозор ҳудудидаги савдо дўконларида бузиш ишлари амалга оширилмаган. Шу билан бирга, санитария талабларига жавоб бермайдиган ва белгиланмаган жойларда савдо фаолиятини амалга ошираётган фуқароларга қонунчиликда белгиланган тартибда огоҳлантиришлар берилиб, савдони махсус ажратилган жойларда ташкил этиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилган.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг мурожаатларини ўрганиш ҳамда қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг доимий эътиборида бўлиб қолади.
Бугунги кунда янги бозор фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, тадбиркорлар, аҳоли ва харидорлар учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Савдо-сотиқни самарали ташкил этиш, санитария ва хавфсизлик талабларига риоя қилиш, транспорт ҳаракати ҳамда автотураргоҳ инфратузилмасини яхшилаш бўйича барча имкониятлар мавжуд.
Шу муносабат билан оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан масалага холис ёндашиш, текширилмаган маълумотларни тарқатмаслик ҳамда расмий манбаларга таянишларини сўраймиз.



