Туман ҳокими олис ҳудуддаги маҳаллада сайёр қабул ўтказди
2026-06-07 13:25:00 / Янгиликлар

Қамаши туманининг туман марказидан узоқда жойлашган Катта Ўра маҳалласида туман ҳокими Хуршид Усмонов иштирокида сайёр қабул ташкил этилди.
Тадбир давомида аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказилиб, фуқароларни қийнаётган муаммолар ҳамда уларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланди.
Сайёр қабул доирасида маҳалла аҳолисининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида футбол, волейбол, шахмат, шашка ва арқон тортиш бўйича спорт мусобақалари ўтказилди. Мусобақаларда фаол қатнашиб, юқори натижаларни қўлга киритган иштирокчилар муносиб рағбатлантирилди.
Шунингдек, туман Маданият бўлими санъаткорлари томонидан концерт дастури намойиш этилиб, маҳалла аҳлига кўтаринки кайфият улашилди.
Тадбир давомида туман марказидан жалб этилган малакали шифокорлар томонидан фуқаролар учун бепул тиббий кўрик ташкил этилди. Кўрик жараёнида аҳолига зарур тавсиялар берилиб, айрим фуқароларга керакли муолажалар кўрсатилди.
Туман ҳокимининг аҳоли билан мулоқоти чоғида йўлларни таъмирлаш, оилавий боғчалар ташкил этиш, инфратузилмани яхшилаш ва бошқа долзарб масалалар юзасидан мурожаатлар билдирилди.
Кўтарилган масалалар тегишли мутасаддилар иштирокида атрофлича ўрганилиб, уларни ҳал этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Бундай сайёр қабуллар жойлардаги муаммоларни бевосита ўрганиш, аҳоли билан очиқ мулоқотни кучайтириш ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга хизмат қилмоқда.









