Қамаши туманида “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари тантанали равишда ўтказилди
2026-05-25 09:45:00 / Янгиликлар

Бугун Қамаши туманидаги барча умумтаълим мактабларида “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари бўлиб ўтди. 2025–2026 ўқув йилини якунлаётган 3626 нафар ўқувчи 11-синфни тамомлаб, ҳаётнинг янги босқичига қадам қўймоқда.
Қамаши тумани ҳокими Хуршид Усмонов тумандаги 89-мактабда бўлиб, ўқувчилар, ота-оналар ҳамда устозлар иштирокидаги байрам тадбирида қатнашди. Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мактаб битирувчиларига йўлланган табрикнома ўқиб эшиттирилди ҳамда битирувчиларга самимий тилаклар билдирилди.
Шунингдек, туман ҳокими томонидан мактабга китоблар жамланмаси топширилди. Мактабни олтин медаль билан якунлаётган ўқувчиларга ташаккурномалар топширилди.
Тадбирда туманда халқаро сертификатларга эга, камида B2 даражадаги ўқувчилар сони 381 нафарга етгани, миллий сертификатга эга ёшлар сони эса 1170 нафардан ошгани таъкидланди.









