Кам харажат — мўл ҳосил: ‘No-Till’ технологияси фермерлар учун янги имконият
2026-05-12 17:50:00 / Янгиликлар

Қамаши туманининг Ғаллакор ҳудудидаги лалмикор ерларда жойлашган “Жовли бобо ўғли Бахтиёр” фермер хўжалигида FOLUR лойиҳаси доирасида “No-Till” дала семинари ўтказилди.
Семинар давомида тупроқ унумдорлигини ошириш, ҳосилдорликни кўпайтириш ҳамда ресурс тежовчи, тупроқни ҳимоя қилувчи замонавий технологиялар ҳақида сўз юритилди. Тадбирда Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Жамшид Абдузухуров, ФАО (FAO) вакиллари, қишлоқ хўжалиги соҳаси мутасаддилари, фермерлар ҳамда ёшлар иштирок этди.
Унда ерга ортиқча ишлов бермасдан экин етиштиришга асосланган “No-Till” усулининг афзалликлари ҳақида амалий тажрибалар билан ўртоқлашилди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу усул орқали тупроқнинг ҳосилдор қатлами сақланиб қолади, намлик йўқолиши камаяди ва натижада юқори ҳосил олиш имконияти ортади.
Шунингдек, “No-Till” технологияси асосида етиштирилган маҳсулотларнинг сифати ва табиий иммунитети юқори бўлиши, бу эса экологик тоза ҳамда сифатли маҳсулот етиштиришда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.









