Жорий йил 18 апрелдан – 18 майгача “Чорвачиликда санитария-эпидемиология ва гигиена” ойлигини эълон қилиш ва эпизоотик тадбирларни амалга ошириш бўйича Қамаши туман фермерлари кенгашининг МУРОЖААТИ
2026-04-21 18:05:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда дунёда экологик мувозанат ва иқлим ўзгариши натижасида чорва ҳайвонларида турли янги типдаги касалликлар юзага келмоқда. Хусусан, хорижий давлатларда чорва молларининг оқсил (яшур) касаллиги тарқалиш хавфи ортиб бормоқда.
Жаҳон ҳайвонлар соғлиги ташкилоти маълумотига кўра, 2025–2026 йилларда 48 та давлатда, жумладан Осиё қитъасидаги 22 та, Европа қитъасидаги 3 та, Африка қитъасидаги 23 та давлатда ҳайвонларнинг оқсил касаллигининг янги “SAT” типи тарқалиши қайд этилган.
Оқсил касаллигининг А, О, Азия-1 типларига қарши қўлланилаётган вакциналар SAT-1 ва SAT-2 типларидан ҳимоя қилмайди.
Касалликнинг вакцина қўлланилмаган ҳайвонларга юқиш эҳтимоли юқори бўлиб, ҳайвонларнинг маҳсулдорлиги ва насл бериш қобилияти пасаяди.
Касаллик тарқалишининг олдини олишда чорва ҳайвонларини режа асосида ўз вақтида эмлаш, ветеринария-санитария тадбирларини бажаришда ветеринария ходимлари, фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда чорва моллари эгалари масъулиятли бўлиб, фаол қатнашишлари лозим.
Касаллик тарқалишининг олдини олиш учун:
- хўжалик ёки фермага кириш жойларига ҳайвонлар ва транспорт воситалари учун дезобарьерлар, ишчи ходимлар учун дезинфекция воситалари ва шимдирилган дезоматлар ташкил қилиниб, уларнинг концентрацияси ветеринар томонидан доимий назорат қилиниши, шунингдек, ҳудудга бегона шахслар ва транспорт воситаларининг киришига йўл қўйилмаслиги;
- ҳайвонларни сақлашда зоогигиеник кўрсаткичлар (намлик, ҳарорат, ҳаво айланиши, табиий ва сунъий ёруғлик, аммиак ва бошқа газлар миқдори) меъёрда бўлишига риоя қилиш;
- сифатли озуқа ва сув билан таъминлаш, гўнгни ўз вақтида чиқариш, ишчи ходимларни махсус кийим-кечак ва асбоб-ускуналар билан таъминлаш;
- дайди ҳайвонлар, мушук, ит ва қушларни ферма биноларига яқинлаштирмаслик, сичқон ва каламушларга қарши дератизация тадбирларини ўз вақтида ўтказиш.
Касалликка шубҳа қилинганда ветеринар етиб келгунга қадар касал ҳайвонни алоҳида сақлаш ва касаллик тарқалишининг олдини олиш зарур. Ҳайвон қаровчиларига молхона ёки ҳовлидан ташқарига чиқишга рухсат бермаслик керак.
Агар оқсил касаллиги аломатлари (юқори ҳарорат, оғиз бўшлиғида яралар, туёқларда ўзгаришлар, елин сўрғичларида яралар) аниқланса:
- дарҳол ветеринария врачига хабар бериш, унинг маслаҳатисиз дори ёки дезинфекция воситаларидан фойдаланмаслик;
- ветеринария бўлими ҳолатни ўрганиб, касаллик тасдиқланса карантин чора-тадбирларини жорий қилади;
- касалланган ва шубҳали ҳайвонларни изоляторга ажратиш;
- молхонадаги гўнг ва ифлосликларни йўқ қилиш (ёқиш);
- биноларни тозалаш ва дезинфекция қилиш;
- сутни қайнатмасдан истеъмол қилмаслик ва бошқаларга бермаслик;
- ҳайвон маҳсулотларини (сут, гўшт, тери ва бошқалар) ҳудуддан ташқарига чиқармаслик.
Касалланган ҳайвонларда:
- оғиз ва елин яралари учун — бикарбонат (чой содаси), калий перманганат;
- оёқ яралари учун — натрий гидроксид, натрий гипохлорид ва бошқа эритмалар билан ишлов бериш лозим.
Тозалашдан сўнг органик кислоталар, формалин ва креолин эритмалари билан қайта ишлов бериш зарур.
Оқсил касаллигига қарши чорва моллари йилига икки марта эмланади: қорамоллар баҳор ва кузда, қўйлар эса йилда бир марта.
Эмлашдан 15–21 кун ўтгач иммунитет шаклланади. Эмлаш ишлари ветеринария мутахассислари томонидан амалга оширилади.
Касаллик аломатлари кузатилганда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг ишонч рақамларига мурожаат қилишингиз сўралади.
Ҳурматли фермерлар! Чорва соғломлиги — бу тозалик ва ветеринария қоидаларига риоя қилишдан бошланади.
Тозалик — бу фақат тартиб эмас, балки юқори маҳсулдорлик ва барқарор даромад гаровидир.
