Гиёҳвандлик — умр заволи
2026-04-10 17:05:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда гиёҳвандлик жамият учун энг жиддий муаммолардан бирига айланган. У нафақат инсон саломатлигига зарар етказади, балки унинг ҳаётини, орзу-умидларини ва келажагини ҳам барбод қилади. Афсуски, айримлар бу хавфли йўлга “шунчаки қизиқиш” ёки “осон пул топиш” илинжида қадам қўяди. Аммо бундай қарор оғир оқибатларга олиб келади.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида гиёҳвандлик билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракат қатъиян тақиқланган ва жиддий жазолар билан белгиланган. Масалан, наркотик воситаларни сақлаш ёки кўтариб юриш — ҳатто жуда оз миқдорда бўлса ҳам — жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. “Ўзим учун” деган баҳона инсонни жазодан қутқармайди.
Гиёҳвандлик воситаларини сотиш ёки тарқатиш эса энг оғир жиноятлардан бири ҳисобланади. Бундай ҳаракатлар, айниқса кўп миқдорда содир этилганда, 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосига сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, томорқада кўкнор ёки шунга ўхшаш ўсимликларни етиштириш ҳам қонунан ман этилади ва жиноят сифатида баҳоланади.
Ҳозирги кунда хавф янада кенгайди. Энди нафақат анъанавий наркотиклар, балки кучли таъсир қилувчи дорилар — масалан, “Лирика”, “Трамадол” каби воситалар ҳамда “синтетик” моддалар (туз, спайс) учун ҳам жавобгарлик кучайтирилган. Уларни ноқонуний сақлаш, сотиш ёки тарқатиш наркотиклар билан бир хил даражада жазоланади.
Айниқса, интернет орқали наркотик савдосининг кўпайиши хавотирли ҳолатдир. Telegram-ботлар ёки бошқа рақамли платформалар орқали “осон иш” таклифлари ортида кўпинча жиноий фаолият яширинган бўлади. “Курьер” сифатида ишлаш ёки реклама қилиш ҳам инсонни жиноят йўлига олиб кириб, охир-оқибат панжара ортига етаклайди. Шуни унутмаслик керакки, ҳуқуқ-тартибот органлари бундай ҳолатларни аниқлаш учун замонавий технологиялардан фойдаланади ва “рақамли излар”ни топиш қийин эмас.
Шу билан бирга, қонунчиликда инсонга ўз хатосини тузатиш имконияти ҳам берилган. Агар шахс ихтиёрий равишда ўздаги наркотик воситаларни тегишли органларга топширса ва жиноятни очишга ёрдам берса, у жавобгарликдан озод қилиниши мумкин. Бу — адашган инсон учун янги ҳаёт бошлаш имкониятидир.
Хулоса қилиб айтганда, бир марталик қизиқиш ёки тез пул топиш истаги инсон тақдирини издан чиқариши мумкин. Гиёҳвандлик — бу нафақат шахсий муаммо, балки бутун жамият учун таҳдиддир. Ҳар биримиз соғлом турмуш тарзини танлаб, ўз келажагимиз ва яқинларимизнинг бахтли ҳаёти учун масъул эканимизни унутмаслигимиз керак.
Жиноят ишлари бўйича
Қамаши туман суди раиси
А.Ўралов
