Қамаши тумани ҳокими Хуршид Усмонов 2026 йилда Қамаши туманида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар ва маҳаллаларда ободонлаштириш, томорқалардан самарали фойдаланиш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.
2026-04-08 12:50:00 / Янгиликлар












Қамаши туманида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда ҳудудлар инфратузилмасини яхшилашга қаратилган кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Туманда олиб борилаётган ишлар юзасидан туман ҳокими Хуршид Усмонов раислигида йиғилиш ўтказилди. Унда саноат, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва ободонлаштириш йўналишларидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Йиғилишда қайд этилганидек, туманда аҳоли бандлигини ошириш ва иқтисодий фаолликни кучайтириш мақсадида бир қатор йирик инвестиция лойиҳалари бошланган. Хусусан, Узун маҳалласида “BBUAzamat” МЧЖ томонидан 6,3 гектар майдонда қиймати 2 миллион долларлик доривор ўсимликларни етиштириш, қуритиш ва қадоқлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа натижасида 30 нафар фуқаро доимий иш ўрни билан таъминланади.
Шунингдек, Юксалиш маҳалласида 60 сотих ер майдонида асфальт ишлаб чиқариш лойиҳаси йўлга қўйилмоқда. Ҳозирги вақтда зарур технологик ускуналар олиб келинмоқда.
Одокжонбўз маҳалласида тадбиркор Шерзод Махматмуродов томонидан совутгичли сиғим ташкил этилиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва қадоқлаш йўлга қўйилмоқда. Бу эса туманда етиштирилган маҳсулотларни сақлаш, уларни бозор талабидан келиб чиқиб реализация қилиш имкониятларини кенгайтиради.
Бундан ташқари, “Matanat” ҳамда “Oq saroy tekstil” корхоналари томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар якуний босқичга етгани таъкидланди.
Хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда. Жумладан, туман марказида замонавий савдо ва кўнгилочар маркази (mall) фаолиятини йўлга қўйиш, туризм йўналишидаги лойиҳалар ҳамда боғлар ташкил этиш ишлари якуний босқичда турибди.
“Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” дастури доирасида 4 та маҳаллада, оғир тоифага киритилган 13 та маҳаллада ҳамда қишлоқ жойларини комплекс ривожлантириш дастури асосида яна 9 та маҳаллада инфратузилмани яхшилаш ишлари олиб борилмоқда.
Йиғилиш якунида туман ҳокими масъул раҳбарларга амалга оширилаётган лойиҳаларни сифатли ва ўз вақтида якунлаш, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, янги иш ўринларини яратиш бўйича аниқ топшириқлар берди.
