Қамаши туманида помидор етиштирувчилар учун янги имкониятлар яратиламоқда
2026-03-25 14:15:00 / Янгиликлар

Қамаши тумани Сарбозор маҳалласида “Янги йўл Агростар” томонидан ташкил этилган кўчатчилик тажриба майдонида Туркиядан келган инвестор ва мутахассислар иштирокида семинар ўтказилди.
Унда туман ҳокими Хуршид Усмонов, Бизнесни ривожлантириш банки масъуллари, Агростарс вакиллари, тумандаги деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ҳамда маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари қатнашди.
Семинарда Туркиянинг “Taris” компанияси вакили Камал бе й ҳамда "UFarmer Академияси" мутахассислари томонидан помидорнинг қуритишга мўлжалланган навларини етиштириш, уларни қайта ишлаш ва экспортга йўналтириш бўйича батафсил тушунтиришлар берилди.
Таъкидланганидек, инвесторлар помидор кўчатларини ўзлари етказиб беради ва етиштирилган ҳосилни қуритилган ҳолда кафолатли тарзда сотиб олади. Бу эса деҳқонлар учун барқарор бозор яратади.
Шунингдек, помидор етиштиришда халқаро тажрибага таяниш, маҳсулот таннархини жаҳон бозори талаблари асосида шакллантириш, қуритиш технологиялари бўйича амалиётли ўқитиш ишлари йўлга қўйилиши қайд этилди.
Мутахассислар томонидан илғор технологиялардан фойдаланиш орқали қўл меҳнатини камайтириш, ҳосилдорликни ошириш ва маҳсулот таннархини пасайтириш муҳим экани алоҳида таъкидланди. Тупроқни тайёрлашдан тортиб ҳосилни йиғиб олишгача бўлган барча жараёнларда илмий ёндашув ва замонавий технологияларни қўллаш зарурлиги қайд этилди.









