Сарбозор маҳалласи янги қиёфага киради
2026-02-09 16:10:00 / Янгиликлар

Бугун туман ҳокими Хуршид Усмонов 4142 нафар аҳоли истиқомат қилувчи Сарбозор маҳалласида бўлиб, аҳоли ва тадбиркорлар билан учрашув ўтказди. Учрашув давомида маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли даромадларини ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар тақдимоти қилинди.
Маҳаллада дастлабки босқичда 3 млрд сўмлик лойиҳалар амалга оширилади. Хусусан,
➖ электр таъминотини яхшилаш мақсадида 0,4 кВ кучланишдаги 1 километр электр тармоқлари тортилади, ушбу лойиҳа қиймати 150 миллион сўмни ташкил этади;
➖ 30 дона бетон устунлар ўрнатилиб, бунинг учун 40 миллион сўм маблағ ажратилади;
➖ Ўрнак ва Токзор кўчаларига 2 километр тунги ёритиш чироқлари ўрнатилади, мазкур лойиҳа қиймати 700 миллион сўм;
➖ Сарбозор кўчасининг 3 километр қисми асфальтланади, ушбу ишлар учун 1 миллиард 610 миллион сўм маблағ йўналтирилади;
➖ аҳоли томорқаларини сув билан таъминлаш ва қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш мақсадида 1 дона артезиан қудуғи, шунингдек, “Бир контур — бир маҳсулот” тамойили асосида яна 1 дона қудуқ қазилиши белгиланган бўлиб, лойиҳа қиймати 500 миллион сўмни ташкил этади.
Шу билан бирга, 300 кВт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилади ва маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш лойиҳалари амалга оширилиши кўзда тутилган. Бу лойиҳалар янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилади.









