«Ташаббусли бюджет» жараёнларини ўтказиш ҳамда молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди
2026-01-12 14:30:00 / Янгиликлар

Лойиҳалар ғолиб деб топилиши учун минимал овоз сони 50 та этиб белгиланди (аввал 10 та эди). Яъни, лойиҳалар овоз бериш босқичида камида 50 та овоз тўплаши шарт. Мазкур талаб лойиҳаларнинг кейинги жараёнларда, жумладан қўшимча ғолибларни аниқлаш босқичида ҳисобга олиниши учун минимал чегара сифатида белгиланди.
Шунингдек, жиҳозлаш лойиҳалари учун энг юқори қиймат базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 минг баробари этиб белгиланди (аввал 4 минг баробар эди).
Янги тартибга кўра, «танаффус» бериш амалиёти маҳалла сони 15 та ва ундан кам бўлган туман (шаҳар)лардаги маҳаллаларга, «Топ-100» рўйхатига кирган энг яхши солиқ тўловчи маҳаллаларга, шунингдек лойиҳаларни шериклик асосида амалга оширган маҳаллаларга нисбатан қўлланмайди.
Бунда, лойиҳа киритиш имконияти чекланган маҳаллаларга шерикчилик асосида лойиҳаларни амалга оширишга рухсат берилади.
Овоз бериш босқичи якунланганидан сўнг ўн кун давомида қўшимча ғолиб лойиҳаларни аниқлаш бўйича алоҳида — бешинчи босқич ўтказилади. Қўшимча ғолиблар икки усулда белгиланиши мумкин: халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари депутатлари ғолиб бўлмаган лойиҳа учун етишмаган маблағни туман бюджети қўшимча маблағлари ҳисобидан ажратиш орқали ёки Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ғолиб бўлмаган лойиҳалар орасидан битта лойиҳани танлаш орқали.
Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, Қонунчилик палатаси депутатлари ташаббуси билан лойиҳаларни қўшимча равишда ғолиб деб эълон қилиш тартиби ҳам белгиланди. Бунда депутатлар лойиҳаларни ғолиб сифатида танлашни «Очиқ бюджет» порталидаги шахсий саҳифалари орқали амалга оширади.
Қўшимча ғолиб лойиҳаларни танлаб олиш учун қатор мезонлар ўрнатилди. Жумладан, лойиҳа тегишли депутатнинг сайлов округи ҳудудида жойлашган бўлиши, овоз бериш босқичига чиққан ва камида 50 та овоз тўплаган бўлиши, шунингдек шерикчилик асосида молиялаштиришда иштирок этаётган маҳаллага тегишли бўлмаслиги лозим.
Шу билан бирга, депутатлар томонидан бир маҳаллада кетма-кет икки мавсум давомида лойиҳаларни танлаб олишга йўл қўйилмайди. Агар депутат тегишли мавсум доирасида ўз ваколатидан фойдаланмаса, бу ҳолат унга кейинги мавсум ёки мавсумларда ушбу ваколатдан фойдаланиш ҳуқуқини бермайди.
Ҳужжат билан «Ташаббусли бюджет» доирасида лойиҳаларни шерикчилик асосида молиялаштириш тартиби ҳам белгиланди.
2026-йилдан бошлаб аҳоли томонидан лойиҳа қийматининг 50 фоиз қисми молиялаштирилган тақдирда лойиҳалар автоматик равишда ғолиб деб топилади ва қолган қисми давлат томонидан молиялаштирилади.
Бунда, ҳар бир маҳаллага бир мавсумда фақат битта лойиҳани шерикчилик асосида амалга оширишга рухсат берилади. Шерикчилик лойиҳалари фуқаролар томонидан лойиҳа шакллантириш босқичида махсус шартларга розилик билдирган ҳолда илгари сурилади.
Лойиҳа қийматининг 50 фоизига тенг маблағни тўплай олмаган шерикчилик лойиҳалари анъанавий овоз бериш босқичига ўтказилади. Бюджет ташкилотлари бўйича лойиҳаларни шерикчилик асосида молиялаштиришга рухсат берилмайди.
Биргаликда молиялаштириш амалиёти доирасида лойиҳаларни шерикчилик асосида амалга ошириш мутлақо ихтиёрий ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Сенати 18-декабр куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда Ўзбекистоннинг 2026-йилга мўлжалланган давлат бюджети тўғрисидаги қонун ва келгуси йил учун солиқ-бюджет сиёсати асосий йўналишларига оид қонунни маъқуллади. Унда «Ташаббусли бюджет» дастурига 6 трлн сўм ажратиш кўзда тутилган. Шундан 496 млрд сўм депутатлик ташаббуслари амалиётини жорий этишга, 506 млрд сўм эса аҳоли ва давлат ўртасидаги «қўшма молиялаштириш» шаклидаги ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишга йўналтирилади.
Президент қарори билан 2026-йилдан бошлаб «Ташаббусли бюджет» жараёнлари доирасида ғолиб бўлмаган иккита лойиҳани (ҳар мавсумда биттадан) депутатлар ташаббусига кўра ғолиб деб эълон қилиш амалиёти жорий этилади. Ғолиб бўлмаган лойиҳаларни молиялаштириш учун ҳар бир депутатга салкам 3,3 млрд сўм ажратилади.
Худди шу ҳужжат билан 1-февралдан «Ташаббусли бюджет»да айрим лойиҳаларни аҳоли ва давлат ўртасида шерикчилик асосида молиялаштириш амалиёти жорий этилади. Бунда аҳоли томонидан лойиҳалар қийматининг 50 фоизи ихтиёрий молиялаштирилганда лойиҳалар ғолиб деб топилади ва қолган 50 фоизи республика бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.
