Қамаши тумани ҳокими Хуршид Усмоновнинг Коррупцияга қарши курашиш масалалари юзасидан фуқароларга мурожаати
2025-12-10 09:50:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ҳурматли фуқаролар!
Қамаши туманида ҳам коррупцияга қарши курашиш борасида қатор амалий ишлар амалга оширилмоқда. Халқ депутатлари туман Кенгашининг “Коррупсияга қарши курашиш ва хавфсизлик масалалари бўйича доимий комиссияси” фаолият юритиб, мунтазам равишда маҳаллий ташкилот ва муассасаларда профилактика тадбирларини ташкил этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрелдаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда фаолияти самарадорлигини ошириш чоратадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-147-сонли ва вилоят ҳокимининг 2025 йил 23 апрелдаги 191-4-0-Қ/25-сонли қарорлари ижроси юзасидан туманда коррупцияга қарши ички назорат тизимини такомиллаштириш, профилактика ва назорат механизмларини кучайтириш бўйича ҳоким қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжат асосида давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятларида коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларининг устувор вазифалари белгиланди. Жумладан, коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, давлат хизматларини кўрсатишда коррупциявий омилларни бартараф этиш, маиший коррупцияни камайтириш, рақамлаштириш ва бюрократияни қисқартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, идоравий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш, мунтазам равишда Коррупцияга қарши курашиш агентлигига электрон ҳисобот тақдим этиш, хавф-хатарлар рўйхатини шакллантириш ва уларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни тасдиқлаш вазифалари белгилаб қўйилди. Шунингдек, ситуацион марказлар фаолиятини йўлга қўйиш, меҳнат жамоаларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ва одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш ҳамда ижобий тажрибаларни оммалаштириш вазифалари ҳам қарорда ўз аксини топди.
Шунингдек, Халқ депутатлари туман Кенгашининг қарорига мувофиқ, “Қашқадарё вилоятида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича Йўл харитаси” ижроси доирасида тиббиёт соҳасида “Коррупсиясиз соҳа” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу лойиҳа орқали соғлиқни сақлаш тизимида коррупциянинг ҳар қандай кўринишларини олдини олиш, сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш механизмлари жорий этилди.
Туманда адлия бўлими ҳузуридаги Юридик марказ томонидан ташкилот ва корхоналар ишлаб чиқаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш мезонларига мувофиқ ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмоқда. Бу орқали ҳужжатларда манфаатлар тўқнашуви эҳтимоли ва коррупциявий омилларни келтириб чиқарувчи нормаларнинг олди олинмоқда.
Шу билан бирга, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида маҳаллаларда сайёр учрашувлар, профилактик суҳбатлар ўтказилиб, “ишонч телефонлари” рақамлари, тарғибот материаллари ва эслатмалар кенг жамоат жойларида жойлаштирилмоқда.
Қадрли тумандошлар!
Коррупцияга қарши курашиш — бу фақат давлат идоралари ёки мансабдор шахсларнинг вазифаси эмас. Бу — ҳар биримизнинг бурчимиздир. Ҳалоллик, поклик ва адолат бўлмаса, тараққиёт ва ишонч бўлмайди.
Келинг, жамиятимизда ҳалоллик муҳитини мустаҳкамлайлик, фарзандларимиз учун адолатли ва порлоқ келажакни биргаликда қурайлик!
Хуршид Усмонов Қамаши тумани ҳокими
