“Энг намунали туман ва шаҳар” танловининг Республика босқичида Қамаши тумани 1-ўринни эгаллади
2025-12-13 10:50:00 / Янгиликлар

Бугун “Энг намунали туман ва шаҳар” ҳамда “Энг намунали вазирлик ва идора” танловларининг якуний босқичи ва тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистонда маънавий-маърифий ишларни такомиллаштириш ва ижтимоий-маънавий муҳитни мустаҳкамлаш мақсадида Президентнинг 2021 йил 26 мартдаги ПҚ–5040-сон қарорига мувофиқ ҳар йили Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан ташкил этиб келинаётган “Энг намунали вазирлик ва идора” ҳамда “Энг намунали туман ва шаҳар” танловлари 2025 йилда янги тартиб, яъни янгиланган Низом ва Республика комиссияси таркиби асосида янада очиқ, шаффоф ва холис баҳолаш мезонлари билан ўтказилмоқда.
Танловнинг мақсади — мамлакатимизда маънавий-маърифий соҳадаги илғор амалий тажрибаларни оммалаштириш, ҳудудлар ва вазирликлар ўртасида соғлом рақобатни кучайтириш, аҳоли, айниқса ёшлар орасида маънавий муҳитни мустаҳкамлашдан иборат.
I. “Энг намунали туман ва шаҳар” танлови
Бу йил илк бор ҳудудий босқич жорий этилди. Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларда ўтказилган баҳолаш натижаларига кўра 14 та туман ва шаҳар Республика босқичида иштирок этиш учун тавсия этилди:
Навоий ва Марғилон шаҳарлари, Чимбой, Балиқчи, Вобкент, Зарбдор, Қамаши, Уйчи, Нарпай, Гулистон, Шеробод, Юқори Чирчиқ, Гурлан ҳамда Чилонзор туманлари.
Баҳолаш жараёнида маънавий-маърифий ишларнинг самарадорлиги, моддий-техник база ҳолати, аҳоли ва ёшлар қамрови, китоб тарғиботи, маънавият масканлари фаолияти каби мезонларга алоҳида эътибор қаратилди.
II. “Энг намунали вазирлик ва идора” танлови
Жорий йилда 30 та вазирлик ва идора танловда иштирок этиш истагини билдирди. Улар орасида:
— вазирликлар (Адлия, Инвестициялар, Ички ишлар, Мудофаа, Экология, Таълим, Иқтисодиёт ва молия ва бошқалар);
— қўмита ва агентликлар, банклар ва йирик корхоналар (Марказий банк, “Ўзсаноатқурилишбанк”, “Навоиазот”, НКМК ва бошқалар) мавжуд.
Республика комиссияси тақдим этилган ҳужжатлар ҳамда жойларда олиб борилган ўрганишлар асосида иштирокчилар фаолиятини баҳолаб борди.
Мукофотлар ва номинациялар
Баҳолаш натижаларига кўра:
“Энг намунали вазирлик ва идора” танловида:
-
1-ўрин — Бош прокуратура;
-
2-ўрин — Божхона қўмитаси;
-
3-ўрин — Навоий кон-металлургия комбинати.
“Энг намунали туман ва шаҳар” танловида:
-
1-ўрин — Қашқадарё вилояти Қамаши тумани;
-
2-ўрин — Тошкент шаҳри Чилонзор тумани;
-
3-ўрин — Бухоро вилояти Вобкент тумани ҳамда Андижон вилояти Балиқчи тумани.
Ғолиблар пул мукофотлари билан тақдирланди.
Алоҳида номинациялар бўйича ғолиблар:
-
“Давлат тилида иш юритиш бўйича энг намунали вазирлик-идора” номинацияси — Адлия вазирлиги;
-
“Энг фаол тарғиботчи вазирлик-идора” номинацияси — Бизнесни ривожлантириш банки;
-
“Энг фаол китобхон вазирлик-идора” номинацияси — Фавқулодда вазиятлар вазирлиги;
-
“ОАВ ва ижтимоий тармоқларда энг фаол вазирлик-идора” номинацияси — Мудофаа вазирлиги;
-
“Энг яхши вазирлик-идора сайти” номинацияси — Миллий гвардия.
Ҳар бир номинация ғолиби диплом ва китоблар тўплами билан тақдирланди.
Танловнинг ўзига хос жиҳатлари
Бу йил танловда қуйидаги жиҳатлар алоҳида инобатга олинди:
-
маҳаллаларда “Маънавиятчилар гуруҳи” фаолиятининг йўлга қўйилгани;
-
“Янги Ўзбекистон фидоийлари” — ҳожи ота ва ҳожи оналарнинг тарғибот ишларига жалб этилгани;
-
корхона ва ташкилотларда китобхонликни кенг тарғиб этиш;
-
радиотузилмалар ташкил этилиб, улар орқали миллий мумтоз мусиқаларни тарғиб қилиш;
-
маънавий-тарбиявий йўналишдаги мақсадли тадбирлар сони.





