Туризм ислоҳотлари амалда: Поп туманида келажак туризмига йўл очилмоқда!
2025-07-22 11:10:00 / Янгиликлар

Вилоят раҳбарига ҳудуддаги туризм салоҳиятини ошириш бўйича янги лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Мавжуд инфратузилма муаммолари муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Бундан кўзланган мақсад — маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун қулай ҳамда замонавий туризм муҳитини яратишдир.
Имом ота маҳалласи ва атроф ҳудудларда инновацион ёндашув асосида 12 та капсула уй қурилиши кўзда тутилган. Бу дастлабки қадам бўлиб, бир йўла 44 нафар сайёҳни қабул қилиш имкониятини яратади.
2026 ва 2027 йилларда бу лойиҳа янада кенгайиб, жами 77 та капсула уйга айланади. Ушбу ҳудуд энди нафақат зиёратгоҳ, балки дам олиш, ижод, тинчлик ва мафтункор табиатдан баҳра олиш учун мўлжалланган туризм маркази сари қадам ташлаяпти.
Вилоят ҳокими оилавий дам олиш масканларида бўлиб, сайёҳлар учун яратилган шароитлар билан танишди. Суҳбатлар давомида мавжуд имкониятлар ва муаммолар кўриб чиқилиб, туризм салоҳиятини янада оширишга қаратилган таклифлар ўрганилди.
Маълумот учун, ўтган мавсумда туманда 300 та оилавий меҳмон уйи, 4 та дам олиш маскани, 3 та болалар оромгоҳи, 2 та хостел, 1 та кемпинг ва 30 та гастрономик туризм объекти фаолият бошлаб, 1500 дан ортиқ иш ўрни яратилган. 650 мингга яқин сайёҳ туманга ташриф буюрган.
Эндиликда ушбу ҳудудда сайёҳларга янада қулайлик яратиш мақсадида йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича амалий чора-тадбирлар белгиланди.









