Попда қиш мавсумига тайёргарлик ишлари вилоят ҳокими назоратида
2026-11-11 09:25:00 / Янгиликлар

Дастлаб, Темир йўл маҳалласида жойлашган марказий кўмир омборида аҳолига кўмир маҳсулотларини етказиб бериш ва тарқатиш жараёни ўрганилди. Шунингдек, 15-сонли мактабгача таълим ташкилотида иситиш тизимининг ҳолати ҳамда мавсумга тайёргарлик даражаси кўздан кечирилди.
Маълумотларга кўра, жорий куз-қиш мавсумида Поп тумани аҳолиси хонадонларини жами 24 362 тонна кўмир билан таъминлаш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар 8 839 тонна кўмир етказиб берилган бўлиб, режа ижроси 36 фоизни ташкил этмоқда.
Жумладан, маҳаллий тадбиркорлар томонидан режалаштирилган 16 482 тонна кўмирнинг 5 937 тоннаси, импортёрлар томонидан эса режалаштирилган 7 880 тонна кўмирнинг 2 902 тоннаси етказиб берилган.
Ўрганиш давомида кўмир таъминотини белгиланган график асосида ташкил этиш, аҳолига ёқилғини ўз вақтида етказиш ҳамда ижтимоий соҳа муассасаларида иссиқлик тизимларининг барқарор ишлашини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш, мавсумга тайёргарлик ишларини жадаллаштириш ва белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан масъулларга, жумладан, 15-сонли мактабгача таълим ташкилоти мутасаддиларига тегишли топшириқлар берилди.









