«Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла» — Муқимийда бунёдкорлик ишлари авжида.
2026-07-23 09:20:00 / Янгиликлар
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Поп туманидаги ўрганишлари давомида Муқимий номи билан аталувчи маҳаллада бўлиб, амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик жараёнлари билан яқиндан танишди.

Айни кунларда 1 800 метр равон пиёдалар йўлаги, 1 600 метр замонавий велосипед йўлакчаси, 800 метр сифатли асфальт ётқизиш ишлари, маҳалланинг кўркига кўрк қўшувчи муҳташам арка, 43 та тортқида 86 та тунги ёриткич (800 метр тармоқ), аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун ўриндиқлар, ёшлар ва спорт севарлар учун замонавий Workout майдончаси, янги маҳалла биноси, илм-фан ва келажак маскани бўлган Ўқув маркази ҳамда «Аёллар саломатлик маркази» қурилишлари олиб борилмоқда.
Вилоят ҳокими ўрганишлар давомида кўзларида шукроналик ва розилик акс этиб турган маҳалла нуронийлари, аҳоли вакиллари билан самимий суҳбатлашди. Инсон қадри улуғланган юртда ҳар бир маҳалла обод, ҳар бир оила фаровон бўлаётгани эътироф этилди. Нуронийлар бундай улкан ўзгаришлар бошида турган Юртбошимизни дуо қилдилар.
Вилоят раҳбари шу ерда бир гуруҳ фуқаролар мурожаатларини тинглаб, муаммолари ечими бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Муқимий маҳалласидаги бу ижобий ўзгаришлар шунчаки қурилиш эмас — бу одамларнинг ҳаётга, эртанги кунга бўлган нигоҳини, кайфиятини ва дунёқарашини ўзгартираётган ҳақиқий меҳр ва саховат намунасидир!









