Наманган вилояти ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шавкатжон Абдуразаковнинг 65 - Халқаро “Гуллар фестивали”нинг тантанали очилиш маросимидаги сўзи
2026-05-24 12:40:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг раҳбарлиги остида юртимизда барча соҳаларда тизимли ислоҳотлар орқали Янги Ўзбекистон барпо этилмоқда.
Бу ўзгаришлар самараси халқимиз турмуш фаровонлигини таъминлаш, бунёдкорлик, экспорт, туризм ва бошқа йўналишларда эришилаётган натижаларда ўз аксини топяпти.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонни модернизация қилиш борасидаги изчил ишлар нафақат мамлакат ичида, балки халқаро майдонда ҳам чуқур ҳурмат-эътибор қозонди.
Тараққиёт йўлидан дадил бораётган мана шундай озод ва обод юртга тўю-тантаналар ярашади.
Бугун Наманганимизда ҳам катта тантана - гуллар диёри сифатида дунёга танилган масканда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Гуллар фестивали” юбилей сана - 65 ёшга тўлди.
Шундай ҳаяжонли ва тарихий тадбирда иштирок этиш учун узоқ-яқиндан ташриф буюрган Сиз азизларни чин юракдан табриклаб, “Наманганга хуш келибсиз!” деймиз.
Қадрли фестивал иштирокчилари!
Муҳтарам Юртбошимиз таъбирлари билан айтганда, «Бу байрам наманганликлар ҳаётига сингиб, яхши анъанага айланиб қолгани бежиз эмас. Нега деганда, гулу райҳонни, гўзалликни яхши кўрадиган ва шундай ободликни ўз қўли билан яратадиган одамларнинг қалби ҳам гўзал бўлади».
Ана шундай эътирофга сазовор бўлган наманганликлар учун 65-халқаро “Гуллар фестивали” арафасида қувончли хабар тарқалди.
Юбилей сана нишонланаётган йилда Наманганда “Жамоа бўлиб бир ой давомида энг кўп экилган гуллар” йўналишида Guinness рекорди ўрнатилди.
Бошқача айтганда, энди дунёдаги саноқли шаҳарлар қаторида Наманган ҳам Гиннеснинг “Рекордлар китоби”га киритилиб, тарихда қоладиган бўлди.
Бу ишларимизни қўллаб-қувватлаган, ташаббуслари билан фестивал кўламини янги босқичга олиб чиққан Президентимизга Сизларнинг номингиздан чексиз миннатдорлик билдирамиз.
Азиз дўстлар!
Бу йил вилоятдаги мавжуд 754 та маҳалланинг барчаси фестивал иштирокчисига айланди. Ҳар бир хонадон, ҳар бир кўча ва маҳалла гулзорларга бурканди.
Улар ўртасида "Энг гулзор, энг обод маҳалла" кўрик-танлови ўтказилмоқда. Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, фестивал якунида ғолибларни муносиб мукофотлаймиз, албатта.
Фестивал нафақат ўзининг кўлами, балки мазмун-моҳияти, қалбларга завқ бағишлайдиган, ранг-баранг тадбирлари билан ҳам ҳар йилгидан алоҳида ажралиб туради.
Барчамиз тантанали очилиш маросимига жамланган ушбу дамларда “Наманган халқаро аэропорти” олдидан фестивалнинг гуллар билан безатилган анъанавий автомобиллар паради старт олди.
У марказий кўчалар бўйлаб ҳаракатланмоқда ва тез орада ушбу майдонга етиб келади.
Меҳмонлар Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истироҳат боғи ҳамда “Афсоналар водийси” тематик паркида яратилган бетакрор ва мафтункор гул композицияларидан завқ оладилар.
Шунингдек, “Янги Ўзбекистон” боғининг 60 гектар майдонида ҳам гуллар билан безатилган композициялар барпо этилди.
Умуман олганда, 50 кун учун бири-биридан мазмунли тадбирлар режалаштирилган. Ҳар бир кун меҳнатсевар, гулсевар наманганликлар ва меҳмонлар учун чинакам байрамга айланади.
Шу йил 23-26 июнь кунлари III халқаро мақом санъати анжумани айнан Наманганда ўтказилиши белгилангани ҳам барчамизни қувонтирди.
Дунёнинг машҳур мақомчилари гуллар шаҳрига келиб, ўз маҳоратларини намоён этиш билан бирга, 65-халқаро юбилей “Гуллар фестивали” мазмун-моҳиятини янада бойитадилар.
Бу йил туманларда ҳам турли тадбир ва сайллар ўтказилиб, туризм бўйича янги локациялар ташкил этилмоқда.
Албатта, бу каби йўналишлар фестивал доирасида Наманганга келган хорижлик сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотади, деган умиддамиз.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман: Фестивалнинг вилоят иқтисодиётидаги салмоғи ҳам йилдан йилга ортиб боряпти.
Умумий овқатланиш, транспорт, меҳмонхона, ҳунармандчилик ва хизмат кўрсатиш соҳаларида 100 мингга яқин маҳаллий аҳоли вакиллари мавсумий иш билан таъминланмоқда.
Ўтган йили фестивал кунларида вилоятимизда умумий савдо ва хизматлар айланмаси қўшимча равишда қарийб 4 триллион сўм, туризм экспорти 200 миллион доллардан ортган эди.
Жорий йил биз бу кўрсаткични қарийб икки баробар оширишни мақсад қилганмиз.
Ҳурматли фестивал иштирокчилари!
Азиз меҳмонлар!
Наманганда ўтаётган “Гуллар фестивали” халқаро бирдамлик, дўстлик улуғланадиган тадбирлар марказига айланиб бормоқда.
Жорий йил фестивалда 1 миллиондан зиёд хорижий, 8 миллионга яқин маҳаллий сайёҳлар ташрифи кутиляпти.
Айни вақтда қимматли вақтини аямай Наманганга ташриф буюрган кўплаб давлатларнинг дипломатик корпус вакилларига, чет эл компаниялари ва инвесторлар, нуфузли меҳмонлар, маданият ва санъат намоёндалари, сайёҳлар ва юртдошларимизни, барча-барчаларини самимий қутлайман.
Бугун, ушбу дақиқаларда фестивалда бевосита иштирок этаётган:
- Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси- Муҳаммад Али Искандарий;
- Афғонистон Савдо ва инвестициялар палатаси раиси ўринбосари - Ариан Залғай Азими;
- Хитой Халқ Республикасининг Гуйчжоу вилояти Ташқи ишлар бошқармаси Партия раҳбарлик аъзоси- Жианг Хонг;
- Жанубии Корея Республикасининг Буео шаҳри ҳокими ўринбосари - Хонг Ын А;
- Тожикистон Республикасининг Сўғд вилояти Деваштич тумани ҳокими - Ашурали Жалилзода;
- Қирғиз Республикаси Ош вилояти савдо саноат палатаси раиси - Кебекбаев Мырзамамат Тойчуевич;
- Ош шаҳар мэри ўринбосари - Айдарбекова Масуда Апсаматбековна;
ҳамда бошқа кўплаб нуфузли меҳмонларга яна бир бор гўзаллик диёри Наманганга хуш келибсиз, азиз дўстлар деймиз!
Фестивал кунлари сизлар учун унутилмас таассуротларга бой бўлишига, юртимизнинг меҳмондўстлиги ва миллий-маданий қадриятларини ҳис этишингизга ишонамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, фестивални юксак савияда ташкил этишда яқиндан кўмак берган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Ташқи ишлар ва Маданият вазирликлари, шунингдек, Туризм қўмитасига самимий миннатдорлигимизни изҳор этамиз.
Таъкидлаб ўтганимдек, тинч юртга мана шундай байрамлар ярашади.
Она Ўзбекистонимиз доимо тинч, муҳтарам Президентимиз омон бўлсинлар!
Эътиборингиз учун раҳмат!
