Наманганда катта байрам: 2-халқаро “Наманган авто фестивали” кўтаринки кайфиятда ўтмоқда.
2026-02-14 14:25:00 / Янгиликлар

Кўргазмага нафақат Наманган, мамлакатимизнинг турли ҳудудлари, қўшни Тожикистон, Қирғиз Республикаларидан ҳам ўнлаб ноёб автоуловлар келгани фестивал нуфузини янада оширди.
Дастлаб “Янги Наманган шаҳарчаси” ҳудудида саф тортган автопарад мотоцикллар ҳамроҳлигида вилоят марказидаги асосий кўчалар бўйлаб ҳаракатланди ва “Афсоналар водийси” темактик паркида тантанали кутиб олинди.
Боғ марказида ташкил этилган саҳна олдида фестивалнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов фестивал иштирокчилари ва меҳмонларини самимий қутлаб, туризм салоҳиятини ошириш, ёшларни касб-ҳунарга қизиқтириш, бандлигини таъминлашда бу каби тадбирларнинг аҳамияти катта эканлигини эътироф этди.
Таъкидлаш жоиз, фестивалда ижтимоий тармоқлардаги энг фаол, аудиторияси қарийиб 1,5-3 миллион аъзони ташкил этувчи “Tuninghause”, “Avtotuning”, “Autowitson”, “Tuningforcars” каби каналлар асосчилари ҳамда машҳур автоблогерлар ҳам фаол иштирок этмоқдалар.
Маълумот ўрнида: Бугунги кунда вилоятимиздаги 4,2 мингдан ортиқ автомобилларга сервис хизмат кўрсатиш шохобчаларида “Устоз-шогирд” анаъанаси асосида 11 минг нафарга яқин ёшлар бандлиги таъминланган.









