Ниҳол экиб, боғ яратди БОҚИЙ ҚАДРИЯТЛАРНИНГ БУГУНГИ ДАВОМЧИСИ
2025-08-11 09:30:00 / Янгиликлар

(Боғбон Комилжон Шариповнинг ташаббуси барчага ибрат бўлса арзийди)
Жонажон Ўзбекистонимизнинг бетакрор табиати, унинг бой ўсимлик ва ҳайвонот олами, гўзал боғ ва хиёбонлари миллий бойлигимизнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Бу неъматларни аждодларимиз бир неча юз йиллар асраб-авайлаб, келгуси авлодлар учун улкан мерос қилиб қолдирганлар.
Аждодларимиз ўз юртини, яшаган манзил-маконини обод қилиш, боғу бўстонлар яратишга катта эътибор қаратган. Амир Темур бобомиз бунёд этган боғлар, Алишер Навоий бобомиз ташаббуси билан яратилган бўстонлар, Заҳириддин Муҳаммад Бобур томонидан барпо этилган “Боғи Бобур” ҳали ҳамон тиллардан тушмайди.
Ободлик бор жойда файзу-барака, ишда унум, аҳоли кайфиятида кўтаринкилик бўлади.
Бу каби эзгу ишларни самарали амалга ошириш эса албатта, шу қутлуғ заминда яшаётган барча юртдошларимиздан онгли равишда ватанпарварлик ва фуқаролик масъулиятини талаб этади.
Буни яхши англаган ҳамюрларимиз 2024 йилги кузги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида кўнгилли равишда иштирок этиб, боғбон Комилжон Шарипов томонидан етиштирилган иқлим шароитига мос манзарали дарахт кўчатлари ҳамда уруғларини туман ҳокимлиги биносининг орқа томонидаги бўш майдонга эккан эдилар.
Эл-юрт орасида қўли кўксидан тушмайдиган, қаерда бўш ер кўрса, ўша ерга дарахт ёки бута кўчатини экиб кетадиган Комил ака номи билан танилган боғбон Комил ака ташаббуси билан экилган ясин, қайрағоч, акация, эман кўчатлари ва уруғидан униб чиққан ниҳоллар бугунги кунда ям-яшил тусда кўрган кўзни қувнатиб, кўнгилларга ором бахш этаётир. Мазкур дарахт кўчатларининг парвариши Комилжон Шарипов бошчилигида Евгений, Вячислав, Эдуард, Константин каби рус , Собир ва Яник каби татар ва поляк миллатига мансуб ҳамюрларимиз ҳамда туман “Ободонлаштириш” корхонасининг фидойи ходимлари билан биргаликда амалга оширилаяпти.
Сўнгги йилларда юртимизда табиат ва инсон ўртасидаги муносабат, атроф-муҳит муҳофазаси, соғлом турмуш тарзига алоҳида эътибор қаратилганлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Халқимизнинг бой оғзаки ижодида ҳам табиат, атроф-муҳит муҳофазаси борасида “Бирни кессанг, ўнни эк!”, “Бир йил тут эккан, юз йил гавҳар теради!”, “Умрингдан бир кун қолса ҳам кўчат эк!” каби асрлар синовидан ўтган оддий ҳикмат-ҳақиқатлар ҳам бежиз айтилмаган. Ниҳол экиш, уни парваришлаш, мевасини татиш боболаримиздан қолган меросдир. Бу хайрли тадбирга фидоий, юрагида ватанпарварлик ҳисси жўш урган туманимиз аҳолиси ўз ихтиёри ва ташаббуслари билан қатнашаётганлиги қувонарли ҳолдир. Экилган турфа кўчатлар нафақат атроф-муҳитни зарарли газ ва чанглардан тозалайди, балки меваси билан дастурхонни тўкин этади, бундан ташқари, экологик, эстетик, табиатпарварлик маданиятини юксалтиради.
Жонажон Ўзбекистонимиз, унинг ерости ва ерусти бойликлари, ўсимлик дунёси, яшил ўрмон ва боғлари ҳаммаси бугун бизники, эртага эса авлодларимизники. Шундай экан, она заминимизга Комилжон Шарипов каби меҳрингизни беринг.Ўзингиздан кейинги нурли келажак учун бугундан бошлаб боғ яратинг!
Ўзининг машаққатли меҳнати билан туманимиз ободлиги ва кўркамлигини таъминлашга катта ҳисса қўшаётган ҳамюртимиз Комилжон Шариповга ўз миннатдорчилигимизни билдирган ҳолда фуқароларимиздан қилинган меҳнат қадрига етиб, ён-атрофларни обод ва кўркаламзор этишда ўз ҳиссаларини қўшишга чақириб қоламиз.









