“Конституция — инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!”
2025-11-27 16:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

БРИФЕНГ
Ассалому алайкум ҳурматли ижтимоий тармоқ кузатувчилари!
Бугунги брифинг мавзуйимиз: “Конституция — инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!”
Бугун биз юртимиз тараққиёти ва фуқароларимиз фаровонлигининг мустаҳкам пойдевори бўлган муҳим мавзу — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, унинг мазмун-моҳияти ва асосий тамойиллари ҳақида сўз юритамиз.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси — давлатимизнинг энг олий ҳуқуқий ҳужжати, жамиятимиз бошқарув тизимининг пойдеворидир. 1992-йил 8-декабрда қабул қилинган бу ҳужжат мамлакатимизда демократик тамойилларни мустаҳкамлади ва инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини энг олий қадрият сифатида эълон қилди.
Конституция давлат тузилишини, ҳокимият ваколатларини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб, жамиятда қонун устуворлигини таъминлайди. Унда халқ давлат ҳокимиятининг ягона манбаи, давлат органлари эса халқ манфаатига хизмат қилиши шартлиги қайд этилган. Шу билан бирга, ҳар бир фуқаронинг шаъни, қадр-қиммати, эркинлиги ва тенглиги дахлсиз деб ҳисобланади.
Инсон қадри энг олий тамойил сифатида эътироф этилган. Ҳар бир фуқаро таълим олиш, меҳнат қилиш, тиббий хизматлардан фойдаланиш ва муносиб ҳаёт кечириш ҳуқуқига эга.
Эркинлик тамойили эса ҳар бир инсоннинг фикр, сўз, эътиқод ва тадбиркорлик эркинлигини кафолатлайди. Бу эркинликлар демократик жамиятнинг ажралмас қисмидир.
Тенглик тамойили барча фуқароларни туғилган жойи, жинси, миллати, дини ёки ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, тенг ҳуқуқларга эга эканлигини белгилайди. Ҳар қандай камситиш қонун билан тақиқланган. Давлат эркаклар ва аёллар тенглигини, ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай шароитларни таъминлашни устувор вазифа сифатида олган.
Адолат тамойили эса ҳуқуқий давлатнинг юраги бўлиб, суд ҳокимиятининг мустақиллиги, айбсизлик презумпсияси ва қонун олдида барча фуқаронинг тенглиги билан таъминланади. Бу жамиятда ишонч ва барқарорликни мустаҳкамлайди.
Хулоса қилиб айтганда, Конституция — инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гаровидир. Биз барчамиз ушбу тамойилларга содиқ қолиш, Конституцияга ҳурмат билан ёндашиш орқали юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшамиз.
Эътиборларингиз учун ташаккур!
