Ўқитувчи менежерлик сертификатига эга бўлса, унга қўшимча 50% устама тўланадими?
2025-11-27 10:00:00 / Янгиликлар

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 25 декабрдаги 681-сон қарорига кўра, мактаб директори лавозимига номзодлар камида бакалавр даражасига ҳамда мактаб директорларı учун белгиланган малака талабларига жавоб берган тақдирда А.Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтида ташкил этиладиган менежерлик курсида ўқиши мумкин. Бунда, менежерлик сертификатига эга бўлган номзодларга мактаб директори лавозими учун танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилади.
Айтайлик, таʼлим муассасасида ишлаётган ўқитувчи менежерлик сертификатини қўлга киритди, бунда у фақатгина мактаб директори лавозими учун танловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади, аммо қўшимча устама ололмайди. Шунингдек, ушбу низомнинг 2-б бандида фақатгина менежерлик сертификатига эга бўлган раҳбар ходимларга (мактаб директорларига 50 фоиз, директор ўринбосарларига 30 фоиз) қўшимча устама тўлаб берилиши назарда тутилган. Яъни, менежерлик сертификатига эга бўлган ўқитувчилар мактаб директорлигига ўтказилган танловдан муваффақиятли ўтиб, мактаб директори сифатида иш фаолиятини бошлаганидан кейин иш ҳақига 50 фоиз устама тўлаш бошланади.
Демак, менежерлик сертификатига эга бўлган ўқитувчиларга мазкур устамалар тўлаб берилмайди.
Пахтачи туман адлия бўлими
юридик хизмат кўрсатиш маркази
бошлиғи Ш.Абдумуротов
