Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

воқеалар
Халқаро сайёҳлик форуми

10 Февраль

3 кун қолди Халқаро сайёҳлик форуми

Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Тарихий маълумот

Ўзбек халқи дунёдаги энг қадимги халқлардан бири ҳисобланиб, унинг бой ва қадимий давлатчилик тажрибаси бор. Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида дастлабки мустақил давлат тузилмалари милоддан аввалги биринчи минг йиллик бошларидаёқ пайдо бўлиб, қарийб 3000 йил давомида такомиллашиб боргани ва дунё давлатчилиги ривожида энг юксак даражага кўтарилгани жаҳонга маълум. Фарғона водийсининг Сўх туманидаги Селунғур ғоридан, Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри яқинидаги Кўлбулоқ маконидан ва Сурхондарё вилоятининг Бойсун тоғидаги Тешиктош ғоридан топилган археологик топилмалар ушбу худудда 1-1,2 млн. йил аввал илк палеолит даври одамлари яшаганлигидан далолат беради.

Ватанимизнинг кўпгина ҳудудлари - Хоразм, Сурхондарё, Зарафшон, Фарғона ва бошқа воҳалари цивилизация тараққиётининг марказларидан бири ҳисобланади.
Милоддан аввалги VI-IV асрларда Марказий Осиё ҳудудига аҳмонийлар, кейинчалик грек-македонлар бостириб кирадилар. Босқинчиларига қарши юртимизнинг мард ватанпарварлари – Тўмарис, Широқ ва Спитамен жанг олиб бордилар.

Ўзбек давлатчилик тарихи ўзининг узлуксиз тараққиёти жараёнида энг юксак ривожланиш ва юксалиш даврларини бошдан кечирган. Милоддан аввалги III ва милодий III асрлар оралиғида Ўзбекистон ҳудудида Довон, Кан, Кушон ва Хоразм каби давлатлар гуллаб-яшнаган. Айниқса, Кушон давлати ўзининг ривожланган маданияти ва санъати билан бошқа давлатлардан ажралиб турган.

Ўрта асрларнинг бошларида Ўзбекистон ҳудудида Хионийлар, Кидарийлар, Эфталитлар ва Турк хоқонлиги ҳукмронлик қилганлар. Бу даврда юқоридаги давлатлар жуда катта ҳудудларда қонунчиликни жорий этиш бўйича ишларни олиб борганлар, шунингдек. қўшни давлатлар билан савдо-сотиқ қилганлар.

VIII-IX асрларда Ўзбекистон ҳудуди араблар томонидан эгаллаб олинди. Шу билан бирга, ушбу даврда ҳудудга янги маданий оқим ҳам кириб келди. Босқинчиларга қарши курашда моддий ва маънавий йўқотишлар билан бирга IX-XII асрларда ўзбек халқининг шаклланиши юз беради. Шу даврда турк тили юқори мақомни эгаллаб, адабий тилнинг шаклланиши бошланади.

IX-XII асрларда Сомонийлар, Қорахонийлар ва Хоразмшоҳларнинг хукмронлик даврларида бир қатор, хусусан маданий ҳаётдаги ўзгаришлар юз беради. Ушбу даврда ватанимиз довруғини бутун дунёга танитган буюк олим ва алломалар Ал-Хоразмий, Аҳмад Ал-Фарғоний, Абу Райхон Беруний, Абу Али ибн Сино, аз-Замахшарий ва бошқалар шу ерда ҳаёт кечирганлар ва ижод қилганлар. Шу билан бирга, Имом Ал-Бухорий, ат-Термизий, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқа олим-у фузалолар диний илмларнинг ривожланишига ўзларининг улкан ҳиссаларини қўшдилар.

XIII асрнинг бошида Чингизхон бошчилигидаги мўғул қўшинлари Хоразмшоҳлар давлатини тор-мор қилиб, Марказий Осиёнинг бутун ҳудудини эгаллаб оладилар. Ватанимизнинг жасур ўғлонлари – Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик ва бошқалар ўз халқини келгинди босқинчилардан озод этиш йўлида мардонавор кураш олиб бордилар.

XIV асрнинг иккинчи ярмида (1370 й.) Марказий Осиё сиёсий майдонига Амир Темур кириб келади. Амир Темур ва унинг авлодлари даври мамлакатимиз тарихида турли тарихий, ижтимоий ва маданий жараёнларга бой давр бўлди. Бу даврда Марказий Осиёда узоқ муддат давом этган мўғуллар истибдодига барҳам берилди. Амир Темур ва Темурийлар даврида ташкил этилган марказлашган давлат мамлакатни ҳар томонлама, айниқса иқтисодий ва ижтимоий-маданий томондан гуркираб ривожланиши учун шароит яратиб берди. Амир Темур марказлашган давлат яратган ҳолда, бошқарувнинг давлат аппаратини тартибга солди, мамлакатнинг сарҳадларини кучайтирди ва мустаҳкамлади, армияни кучайтирди, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий шароитини яхшилади, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқни янада ривожланиши учун шарт-шароит яратди, солиқ тизимини ислоҳ қилди, шунингдек халқаро алоқаларни ҳам яхшилади. Амир Темур тиббиёт, математика, астрономия, тарих, адабиёт, тилшунослик, диний илмларга катта эътибор берди. Унинг саройида Мавлоно Абдужаббор Хоразмий, Мавлоно Шамсуддин Мунший, Мавлоно Абдулло Лисон, Мавлоно Баҳриддин Аҳмад, Алоуддин Коший, Жалол Хокий каби алломалар фаолият кўрсатишган.

Мирзо Улуғбек, Ҳусайн Бойқаро ва Заҳириддин Мухаммад Бобур ҳукмронлиги вақтида илм-фан, адабиёт ва санъат ривожланди ва тараққий этди. Айнан шу даврда буюк шоир Алишер Навоий турк тилида ўзининг асарларини яратди ва ўзбек халқининг маънавий меросини ривожлантиришга ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшди.

Амир Темурнинг олиб борган ҳаракатлари туфайли мўғулларнинг ватанимизга қилаётган босқинчилик юришларига чек қўйилди ва бошқа халқлар эса мўғулларнинг истибдодидан озод қилинди. Шунингдек, Амир Темурнинг Усмонийлар устидан ғалабаси Европани Усмонийлар асоратига тушишдан сақлаб қолди.

XVI-XVII асрларда Ўзбекистон ҳудудида Шайбонийхонлар ва Аштархонийлар давлати ҳукмронлик қилди. Аштархонийлар даврида марказлашган давлатлар инқирозга юз тутди, бу эса уларнинг тарқоқланишига олиб келди. Натижада, XVIII асрда Бухоро амирлиги, Хива ва Қўқон хонликлари пайдо бўлди.

Россия империясининг Марказий Осиёга бостириб кириши натижасида, мамлакатимиз XIX асрнинг иккинчи ярмидан 1991 йилга қадар Россия империяси ва Совет Иттифоқи таркибида бўлди.

Ўтган асрнинг 80-йилларида бошланган сиёсий ва иқтисодий инқироз Ўзбекистоннинг мустақиллик учун курашини тезлаштириб юбориш учун шароит яратди. Натижада, ушбу узоқ муддатли тарихий воқеалардан сўнг 1991 йилнинг 31 августида Ислом Каримов бошчилигида мамлакат мустақиллигига эришилди.

Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги осон бўлмаган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий шароитларда қўлга киритилди. 130 йил давом этган ҳукмрон мустамлакачилик режими республиканинг мустақил ривожланиши учун имконият бермаган.

Мустақилликнинг эълон қилиниши халқимиз ва раҳбарият олдига барча соҳаларда туб ислоҳотларни амалга ошириш лозимлиги масаласини қўйди. И.Каримов бошчилигида Ҳукумат томонидан амалга оширилган ички ва ташқи сиёсат натижасида Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти томонидан мустақил давлат сифатида тан олинди. Қисқа муддат ичида Ўзбекистон ўзининг шахсий ривожланиш моделини аниқлаб олди.

Республикамиз Биринчи Президенти И.Каримов томонидан ишлаб чиқилган ва жорий этилган ривожланишнинг "Ўзбек модели" мамлакатимиз ижтимоий ва иқтисодий ривожланишининг пойдеворини яратди. Қисқа фурсат ичида ғалла ва нефть мустақиллигига эришилди. Истиқлол йилларида Ўзбекистон аграр давлатдан саноати жадал суръатларда ривожланиб бораётган, замонавий техника ва технологияларни экспорт қилувчи мамлакатга айланди. Танланган ривожланиш йўлининг тўғрилигини 2008 йилда бошланган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози тасдиқлади. "Ўзбек модели" инқирозни муваффақиятли бартараф этди ва халқаро молиявий ташкилотлар ва экспертлар томонидан ҳақли равишда юқори ижобий баҳоланди.

Тарих шуни кўрсатмоқдаки, дунёдаги биронта давлат ҳам дунё ҳамжамиятидан ажралган ҳолда алоҳида ривожлана олмайди. Тўғри ва оқилона олиб борилаётган ташқи сиёсат туфайли ҳозирги кунда Ўзбекистонни дунёнинг 180 дан ошиқроқ давлатлари тан олган, 130 дан кўпроқ давлатлар билан эса дипломатик алоқалар ўрнатилган. Ўзбекистон Республикаси БМТ, МДҲ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа шу каби кўплаб халқаро ташкилотларнинг аъзоси ҳисобланади.

Бугунги кунда Ўзбекистон Австрия, Буюк Британия, Германия, Греция, Индонезия, Эрон, Испания, Италия, Канада, Хитой, Малайзия, Корея Республикаси, Россия, АҚШ, Таиланд, Туркия, Франция, Чехия, Швейцария, Швеция каби давлатлар билан иқтисодий, сиёсий ва маданий соҳаларда икки ёқлама ва ўзаро манфаатдор ҳамкорликни олиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига асосан Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар миллати, тили ва динидан қатъи назар бир хил ҳуқуққа эгалар. Бугунги кунда республикамизда юздан ортиқ халқлар ва элатлар вакиллари бир-бирларини тушунган ҳолда яшамоқдалар, уларга барча шарт-шароитлар яратилган. Ўзбекистонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ва юздан ортиқ Миллий-маданий марказлар фаолият олиб бормоқдалар.