audio

    16+
    Буюк Ипак йўли

    Машҳур «Буюк Ипак йўли» карвон йўлини Шарқ ва Ғарб ўртасидаги алоқаларнинг кўп асрлик тимсоли деб аташ мумкин. Қитъалараро йўл 10 минг километрга чўзилган ва Шарқ мамлакатларини Ўртаер денгизи билан бирлаштирувчи боғинга айланган. Буюк Ипак йўли и милоддан аввалги II асрдан қарийб эрамизнинг ХV асригача фаолият кўрсатган. Шубҳасиз, Ипак йўли орқали нафақат нодир товарлар олиб ўтилган, балки билим, маданият, технология алмашинуви, дипломатик алоқалар ҳам амалга оширилган.

    «Буюк ипак йўли» номи ўша даврларда Ғарб мамлакатлари учун қимматбаҳо бўлган маҳсулот – ипак билан боғлиқ. Ипак қурти пилласидан ипак тайёрлаш технологияси тахминан беш минг йил олдин замонавий Хитой ҳудудида кашф этилган деб ҳисобланади. Аста-секин ипакчилик сирлари ўзлаштирилиб борилди ва эрамизнинг III асридаёқ кўплаб мамлакатларда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам Фарғона водийси ҳудудида ипак ишлаб чиқарила бошланди.

    Карвончилар ипакдан ташқари бошқа ноёб маҳсулотлар билан ҳам савдо қилишган. Бадахшондан лазурит, Сўғдиёнадан сердолик, Хўтандан нефрит каби қимматбаҳо тошлар ва ҳатто ўша даврларда Шарқий Ўртаер денгизида ҳали ишлаб чиқарилмаган шиша идишлар билан савдо қилинган. «Ипак йўли» атамаси нисбатан яқинда пайдо бўлган. 1877 йилда барон Фердинанд фон Рихтгофен биринчилардан бўлиб савдо йўли харитасини батафсил ўрганиб, унга шундай ном берди. Тахминан милодий I асрда Буюк Ипак йўли ўз тараққиётининг юксак чўққисига чиқди. Савдо йўли шарқда Хитойнинг Лоян шаҳридан бошланиб, Хитойнинг кўплаб шаҳарлари ва Ўрта Осиёдан ўтиб, Италияда, Римда тугаган. 

    Йўл учта йўналиш ва кўплаб тармоқлардан иборат бўлган. Асосий йўналишлар Шимолий, Марказий ва Жанубий йўллар эди.Шимолий йўл Тарим дарёси бўйлаб Тян-Шан тоғлари орқали, Фарғона водийсига бурилиб, Ўрта Осиё дарёлари оралиғидан Волганинг қуйи оқимига, юнон колонияларига ўтган. Йўл-йўлакай карвонлар шаҳарларда ёки энг гўзал воҳаларда тўхтаб, ўз молларини сотардилар. Шу тариқа, янги шаҳарлар пайдо бўлди, эскилари эса ўсиб, янада катталашди. Ўзбекистон ҳудудида савдо ва ҳунармандчилик шаҳарлари: Андижон, Қўқон, Бухоро, Шаҳрисабз, Самарқанд ва Хива гуллаб-яшнаган.

    Жанубий йўл Ҳиндистон, Афғонистон ва Эроннинг ҳозирги ҳудудларидан ўтган. Марказий йўл Форс ва Ўртаер денгизи орқали ўтган. Ипак йўлининг йўналишлари бутун дунёга маълум бўлди ва тез орада у орқали нафақат карвончилар, балки афсонавий саёҳатчилар ва саркардалар ҳам ўта бошладилар. Масалан, италиялик сайёҳ ва савдогар Марко Поло Буюк Ипак йўли бўйлаб саёҳат қилганидан сўнг «Дунё хилма-хиллиги ҳақида китоб» асарини яратди. Шунингдек, жаҳонга машҳур саркарда Чингизхон Буюк Ипак йўли тармоқлари бўйлаб ўтган. Кўп йиллар давом этган машаққатли йўл мард саёҳатчилар ва савдогарларни чўчитиб юбормади. 

    Уларнинг йўлида жангари кўчманчилар, сувсиз чўллар ва иқлими оғир тоғлар учрашиши мумкин эди. Кўпинча тўғри йўлнинг йўналишини «одамлар ва ҳайвонларнинг суяклари» орқали таниб олиш мумкин эди. Аммо бу йўл туфайли дунё биз ҳозир кўриб турганимиздек, замонавий тарзда ўзгарди. Улуғвор ёдгорлик шаҳарлари тарихий ва меъморий бинолари билан ўтмишдан бир хотира сифатида тирик афсонага айланди.

    • view_icon 2485
    Охирги янгиланиш: 2024-05-31 15:36:36