“Инсон” ижтимоий хизматлар маркази – инсон қадри улуғланган маскан
2025-12-26 14:00:00 / Янгиликлар
“Инсон” ижтимоий хизматлар маркази – инсон қадри улуғланган маскан
Жорий йилнинг 26 декабр куни Оққўрғон туманида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига манзилли, сифатли ва комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатишга мўлжалланган “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази янги биносининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир фуқаронинг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг яна бир муҳим амалий ифодаси бўлди.
Очилиш маросимида сўзга чиққан туман ҳокими Тўра Боболов марказ фаолиятининг асосий йўналишлари, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда ушбу марказнинг туман аҳолиси ҳаётида тутган ўрни ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди. Таъкидланганидек, “Инсон” маркази фуқароларга бир жойнинг ўзида турли ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имконини берувчи, замонавий ва очиқ тизим асосида фаолият юритади.
Замонавий архитектура талаблари кўринишига эга бўлган марказ биноси ички жиҳозланиши ва функционал қулайликлари билан алоҳида ажралиб туради. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахслар учун пандуслар, махсус ҳожатхоналар, кенг ва ёруғ хоналар, замонавий мебел ҳамда зарур техник воситалар билан тўлиқ жиҳозланган муҳит яратилган. Бу эса марказ ходимлари ҳамда хизмат олувчилар учун қулай ва очиқ шароитни таъминлайди.
Қайд этиш жоизки, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази нафақат хизмат кўрсатувчи муассаса, балки инсон қадри, шаъни ва ҳуқуқлари устувор қўйиладиган ижтимоий маскан сифатида фаолият юритади. Марказ орқали аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига тизимли ёрдам кўрсатиш, уларнинг муаммоларига ўз вақтида ечим топиш ҳамда жамиятда ижтимоий адолатни таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шубҳасиз, ушбу марказнинг ишга туширилиши Оққўрғон тумани аҳолиси учун муҳим янгилик бўлиб, “Инсон қадри учун” тамойили асосида олиб борилаётган ислоҳотларнинг яна бир амалий натижасидир.
✍️Оққўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати




