Болажонлар эътибор марказида: байрамона ташриф ва эзгу ниятлар
2025-12-29 10:00:00 / Янгиликлар
Болажонлар эътибор марказида: байрамона ташриф ва эзгу ниятлар
Жорий йилнинг 29 декабр куни Оққўрғон туманида болаларга ғамхўрлик ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган навбатдаги байрамона ташриф бўлиб ўтди.
Туман ҳокими Тўра Боболов ҳамда туман прокурори Дилшод Файзиевлар С.Сегизбоев МФЙ ҳамда Бирлик МФЙларда жойлашган, давлат-хусусий шериклик асосида фаолият юритаётган "Нуржаҳон Искандар" ва "Бердиқулова Мавлюда Алишеровна" кундузги парвариш хизматлари марказларига ташриф буюрдилар.
Ташриф давомида мазкур муассасаларда тарбияланаётган болажонларнинг ҳолидан хабар олиб, яратилган шарт-шароитлар ва таълим-тарбия жараёни билан яқиндан танишилди. Болалар билан самимий мулоқот қилинди, уларнинг қувончи ва кайфияти билан қизиқилди. Байрам муносабати билан болажонларга эсдалик совғалари тақдим этилиб, янги йил арафасида уларга илиқ кайфият улашилди.
Мазкур ташриф ижтимоий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, болалар манфаатини ҳимоя қилиш, уларнинг соғлом ва бахтли камол топиши учун зарур шарт-шароитлар яратишга қаратилган амалий ишларга яққол мисол бўлди.
Бу каби эътибор ва ғамхўрлик ишлари келгусида ҳам изчил давом эттирилиши таъкидланди.
✍️Оққўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати







