Оққўрғон тумани ғалла майдонларида қишки парвариш тадбирларига бағишланган амалий семинар ўтказилди
2026-01-05 10:00:00 / Мажлислар
#Қишлоқ_хўжалиги
Оққўрғон тумани ғалла майдонларида қишки парвариш тадбирларига бағишланган амалий семинар ўтказилди
Оққўрғон туманида 2026 йил ҳосилини сифатли ва барқарор таъминлаш мақсадида ғалла майдонларида қишки парвариш ишларини самарали ташкил этиш масалаларига бағишланган амалий семинар бўлиб ўтди. Тадбир туманнинг Қаҳрамон МФЙ ҳудудида жойлашган “Саидаброр Султонсаид” фермер хўжалиги даласида ташкил этилди.
Семинарда вилоят мутасаддилари, туман масъуллари, фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган ташкилот ва муассасалар вакиллари иштирок этди. Унда январ ойида ғалла майдонларида амалга оширилиши лозим бўлган муҳим агротехник тадбирлар атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбир давомида мутахассислар томонидан сув ресурсларидан оқилона ва тежамкор фойдаланиш, маҳаллий гўнгни жамғариш ҳамда уни илмий асосда қўллаш, ҳосил чуқурларини тўғри тайёрлаш, шарбат усулида суғориш тизимини йўлга қўйиш бўйича амалий тавсиялар берилди. Шунингдек, дала четларидан унумли фойдаланиш, мевали ва манзарали кўчатлар экиш орқали ердан самарадорликни ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, ғалла майдонларини минерал ўғитлар билан меъёрида озиқлантириш, касаллик ва зараркунандаларга қарши ўз вақтида курашиш, агротехник тадбирларни белгиланган муддатларда ва сифатли бажариш юзасидан зарур тушунтиришлар берилди. Семинар иштирокчилари учун даланинг ўзида амалий кўрсатмалар намойиш этилди, фермерларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар қайтарилди.
Мазкур семинар ғаллачиликда илғор тажрибаларни оммалаштириш, қишки парвариш ишларини тўғри ташкил этиш ҳамда келгуси ҳосилнинг юқори ва сифатли бўлишини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.
✍️Оққўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати







