Мактабгача ва мактаб таълими соҳасида 2026 йилда амалга оширилиши режалаштирилган устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
2026-01-05 15:00:00 / Мажлислар
Жорий йилнинг 5 январ куни Оққўрғон тумани ҳокимлигида туман ҳокими Тўра Боболов раҳбарлигида мактабгача ва мактаб таълими соҳасида 2026 йилда амалга оширилиши режалаштирилган устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда таълим тизимини янада такомиллаштириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва сифат кўрсаткичларини ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири в.в.б. Бахтберген Худайбергеновга тизимда белгиланган вазифаларни қатъий режа асосида, сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди. Таълим муассасалари фаолиятида интизом, масъулият ва натижадорлик асосий мезон бўлиши лозимлиги алоҳида таъкидланди. Шу билан бирга, битирувчи синф ўқувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари паст бўлган айрим мактаблар раҳбарларига нисбатан танқидий фикрлар билдирилиб, уларга қатъий огоҳлантиришлар берилди. Бу эса мактабларда ўқув сифати, касбга йўналтириш ишлари ва битирувчилар билан ишлаш тизимини қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатади.
Йиғилишда Давлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаларида болаларни сифатли озиқ-овқат билан таъминлаш масаласи ҳам кун тартибидаги энг муҳим йўналишлардан бири сифатида кўриб чиқилди. Давлат мактабгача таълим ташкилотларига вақтинча анъанавий усулда таъминотчилар томонидан сифатли озиқ-овқат етказиб берилиши белгиланганлиги, болалар саломатлигини таъминлашда муҳим омиллиги, анъанавий усулда озиқ-овқат етказиб бериш — бу синовдан ўтган, амалиётда ўзини оқлаган тизим бўлиб, унда маҳсулотларни танлаш, сақлаш ва етказиш жараёнлари аниқ меъёрлар асосида амалга оширилиши, вақтинчалик жорий этилаётган бу усул орқали таълим муассасаларида овқатланишда узилишлар юзага келишининг олди олиниши, болалар кундалик равишда сифатли ва хавфсиз таомлар билан таъминлаб борилишига алоҳида эътибор қаратилди.
Таом маҳсулотларининг сифати болаларнинг соғлом ўсиши ва ривожланишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу боис таъминотчи ташкилотларга юқори талаблар қўйилиб, маҳсулотлар санитария-гигиена меъёрларига тўлиқ жавоб бериши шарт қилиб белгиланди. Бу эса мактабгача таълим ташкилотларида овқатланиш сифати ошишига, ота-оналарнинг ҳам тизимга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, санитария-гигиена талабларига риоя этилиши ва болалар саломатлигига бевосита таъсир этувчи омиллар қатъий назоратга олиниши, болаларнинг таълим-тарбия жараёнини ҳар томонлама ўрганиш, таълим муассасалари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида туман ҳудудидаги 29 та маҳалла фуқаролар йиғинида жамоатчилик вакилларидан иборат гуруҳлар иштирокида доимий ўрганиш ва мониторинг ишларини ташкил этиш вазифаси қўйилди. Ушбу гуруҳ таркибига Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, МФЙ фаоллари, туман Санэпидемиология бўлими ходимлари, мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъуллари ҳамда фаол жамоатчилик вакиллари киритилди. Гуруҳнинг асосий вазифаси этиб — таълим сифати, болалар саломатлиги, озиқ-овқат таъминоти ҳамда тарбиявий жараёнларни жойларда ўрганиб, аниқ таклиф ва хулосалар тақдим этиб боришлари белгиланди.
Йиғилиш давомида туман ҳокими Тўра Боболов туманда IT соҳасини жадал ривожлантириш, ёшларни ахборот технологиялари йўналишига кенг жалб этиш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Замонавий билим ва рақамли кўникмаларни шакллантириш орқали ёшларни келажак касбларига тайёрлаш, мактабларда рақамли таълим элементларини босқичма-босқич жорий этиш бўйича тегишли тавсия ва топшириқлар берилди.
Йиғилишда барча иштирокчилар олдига қўйилган вазифалар таълим сифатини ошириш, болалар саломатлиги ва уларнинг келажагини таъминлаш, жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Мазкур йиғилиш Оққўрғон туманида таълим соҳасини янада ривожлантириш, тизимли муаммоларга ечим топиш ва жамоатчилик иштирокини кенгайтириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
✍️Оққўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати







