Жаҳон банки делегацияси Олмазор туманида бўлди
2026-09-24 13:02:37 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида ҳокимлик томонидан ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу йўналиш доирасида Олмазор туманига Жаҳон банки делегацияси ташриф буюрди.
Ташриф давомида хорижий мутахассислар Олмазор тумани ҳокимлигининг масъул шахслари ҳамроҳлигида “Эски шаҳар” ҳудудининг мавжуд ҳолати, инфратузилмаси ва сайёҳлик салоҳиятини атрофлича ўрганиб чиқдилар.
Пойтахтни ривожлантириш бўйича белгиланган устувор вазифаларга мувофиқ, етакчи хорижий компанияларни жалб этган ҳолда ушбу ҳудуд учун ягона консепсия ҳамда истиқболли лойиҳалар портфелини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Халқаро ҳамкорлар билан олиб борилаётган қўшма маслаҳатлашувлар ва эксперт ўрганишлари “Эски шаҳар”нинг ўзига хос тарихий қиёфасини асраб-авайлаган ҳолда, пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари учун замонавий ҳамда қулай шаҳар муҳитини яратишга хизмат қилади.




