Олмазор тумани ҳокимининг туман аҳолиси ва тадбиркорларига мурожаати
2026-09-12 21:13:46 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Муҳтарам туманимиз фуқаролари, тадбиркорлари, хотин-қизлар ва ёшлар!
Куни кеча ҳурматли Президентимиз раислигида Олмазор туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар натижадорлиги ҳамда келгуси йилларда биринчи навбатда бажарилиши лозим бўлган вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари томонидан бугунги тез ўзгараётган замонда туман ва маҳалла даражасида ишларни ташкил қилиш бўйича мутлақо янги, қатъий талаблар қўйилди.
Биз ички имкониятлардан тўлиқ фойдалана олмаётганимиз, айниқса, туманда мактабгача таълим билан қамров даражаси бор-йўғи 67 фоиз экани, хизматлар ҳажми йил бошидан буён атиги 22 фоизга ўсгани, тумандаги корхона ва ташкилотларда 4 мингдан ортиқ ўрта махсус маълумотли ходимга эҳтиёж борлиги юзасидан давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган ҳаққоний эътирозлардан тўғри хулоса чиқардик. Мен туман ҳокими сифатида барча ўринбосарларим ва сектор раҳбарлари билан биргаликда куну тун кучайтирилган иш тартибида ишлашга ўтганимизни эълон қиламан.
Ҳурматли туманимиз фуқаролари!
Олмазор тумани ҳокимлиги халқимиз ва муҳтарам Президентимиз олдида қуйидаги энг устувор вазифаларни сўзсиз ижро этишга ваъда беради:
Туман мутасаддилари билан биргаликда ҳар кунги ишимизни эрталабдан 50–60 нафар тадбиркор билан бевосита мулоқот қилишдан бошлаймиз.
Тумандаги 6 мингдан зиёд ишсиз фуқарони иш билан, ижтимоий реестрга киритилган 3 мингта оилани эса барқарор даромад манбаи билан таъминлаб, туманни ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш — бош мақсадимиз.
Бунинг учун қуйидаги йўналишларда ишларни ташкил этамиз:
Биринчидан, банклар билан биргаликда тайёр “инклюзив” лойиҳа пакетларини ишлаб чиқиб, тадбиркорларга таклиф этамиз. Бунда:
Тумандаги давлат идоралари биноларининг умумий майдони 78 минг квадрат метр бўлиб, уларнинг камида 50 фоизини тадбиркорларга кафолатли ва узоқ муддатли ижарага чиқарамиз;
Президентимизнинг янги фармонлари доирасида тумандаги қиймати 100 миллиард сўм бўлган 52 та давлат объектини очиқ савдога чиқарамиз;
Иккинчидан, Президентимизнинг ташаббуси билан энди кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватидаги хоналарни (туманда 9 мингта шундай квартира бор) нотурар жой тоифасига ўтказмасдан савдо ва хизмат кўрсатишга мослаштиришга рухсат берилди. Шу имкониятни тўлиқ ишга соламиз. Шунингдек, 7 та банкимиз орқали гаровсиз кредит лимити 100 миллион сўмдан 200 миллион сўмга оширилиши ҳисобига йил якунигача яна 300 нафар янги тадбиркорни қўллаб-қувватлаб, 2 мингта иш ўрни яратамиз.
Учинчидан, “Мискин” ва “Иброҳим ота” маҳаллаларидаги 305 гектарлик саноат ҳудудида биноларга қўшимча қаватлар қуриш учун ҳукумат томонидан етарлича ресурслар, шунингдек, мақбул шартларда саноат ипотекаси, кредит ва лизинг каби молиявий воситалар ажратилмоқда. Тадбиркорлар билан бевосита ишлаб, уларнинг таклиф ва муаммоларини инобатга олган ҳолда ҳамкорликда иш ташкил этамиз. Бу ерда иш ўринлари сонини 35 мингдан 100 мингтага, экспорт ҳажмини эса 600 миллион долларга етказамиз.
Жорий йил 1 октябрга қадар аҳоли ва сайёҳлар учун жозибадор бўладиган 2 та йирик савдо комплексининг жойлашуви, инвесторлари ва молиялаштириш манбаларини аниқлаб, ишларни бошлаймиз.
Тўртинчидан, жорий йилда туманга жами 600 миллион доллар инвестиция жалб этилади ва 56 та лойиҳани ишга тушириш ҳисобига 2 мингта иш ўрни яратилади.
Туманимизда таълим ва тиббиёт муассасалари кўплиги, сўнгги йилларда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш учун замин яратилганини инобатга олиб, келгуси йилларда ушбу соҳаларга инвестициялар ҳажмини 1 миллиард долларга етказамиз ва 15 мингта янги иш ўрни яратамиз.
Бунинг ҳисобига нафақат туманимиз аҳолисининг бандлигини таъминлаймиз, балки пойтахтдан ташқари ҳудудлардаги фуқаролар учун 350 та корхонада 5 мингта иш ўрни яратиб, туманимизни бандликни таъминлаш бўйича донор ҳудудга айлантирамиз.
Бешинчидан, йил якунига қадар саноат ишлаб чиқариши ҳажмини 18,5 триллион сўмга (ўсиш суръати — 120 фоиз), хизматлар ҳажмини эса 37,5 триллион сўмга (ўсиш суръати — 130 фоиз) етказишни таъминлайман.
Ҳурматли олмазорликлар!
“Қичқириқ” маҳалласида 5,5 минг нафар аҳоли учун сой бўйи обод қилиниб, боғча, амфитеатр ва сайилгоҳ қурилгани одамлар кайфиятини қанчалик ўзгартирганини кўрдик.
Бундай масканлар ҳар бир маҳаллада яратилиши зарурлигини инобатга олиб, ишларни давом эттириш учун кейинги йилни кутиб ўтирмаймиз!
Бу йилги режамиз доирасида “Сағбон”, “Сақичмон”, “Фаробий” ва “Гулсарой” кўчаларида ишлар олиб борилмоқда. Эртадан бошлаб “Талабалар”, “Чимбой”, “Озод”, “Қорасарой”, “Нурафшон” ва “Олтинсой” кўчаларида жами 8 километр узунликдаги туризм кўчалари қурилишини бошлаймиз.
Шаффофликни таъминлаш ҳамда ҳурматли фуқароларимизнинг истак ва таклифларини инобатга олган ҳолда, қайси кўчада, қачон ва қандай ўзгариш бўлиши ҳақидаги режаларни маҳаллий Кенгаш муҳокамасига киритиб, аҳолига очиқ эълон қиламан. Ишлар сифатини эса сиз — туманимиз фуқаролари назорат қилиб, муносиб натижани талаб қиласиз!
4 йиллик дастур доирасида маҳаллалар “Қичқириқ” намунасида тўлиқ обод қилинади. Бу ишларни “Тепагузар”, “Табассум”, “Ғалаба”, “Чуқурсой” ва “Гулсарой” маҳаллаларида шу йилнинг ўзида бошлаймиз.
“Эски шаҳар” ҳудудидаги 15 та маҳаллада Президентимиз ташаббуси билан бошланган реконструкция ишларини амалга ошириш учун Жаҳон банкидан 200 миллион доллар жалб этиб, лойиҳани бошлаймиз.
“Долзарб 40 кунлик” доирасида бошланган ишларни давом эттириб, энергетика ва коммунал тизимларнинг қишда беталафот ишлашини таъминлаймиз. Ноқонуний қурилишларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда қатъий чоралар кўрилади.
Кейинги муҳим ва асосий масала: туманимизда йирик ва нуфузли университет ҳамда институтлар жойлашган. “Ёшлик” талабалар шаҳарчасида 75 минг нафар талаба таҳсил олади!
Шуни инобатга олган ҳолда, “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси фаолияти мутлақо қайта ташкил этилади. Ҳозирда шаҳарча ҳокимлигида “Вазиятлар маркази” ишга туширилди. Эндиликда ҳокимликка 5 та қўшимча штат бирлиги ажратилади. Мазкур ходимлар худди “маҳалла еттилиги” каби талабалар бандлиги, тадбиркорлиги ва ижтимоий масалалари билан шуғулланади.
41 та ётоқхона учун махсус дирекция ташкил этилиб, китоб кафелари ва яшил ҳудудлар кўпайтирилади.
Бош прокурор ҳамда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси билан ҳамкорликда туманда жиноятларни фош этиш кўрсаткичи 52 тага ошди, “қизил” маҳаллалар қолмади, аёллар иштирокидаги жиноятлар сони 2 баробар камайди. Энди асосий эътиборни ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликларни кескин камайтиришга қаратиб, “Олмазор хавфсизлик тажрибаси”ни яратамиз.
Германия ва Япония каби давлатлардан 20 та рекрутинг компаниясини жалб қилиб, 500 кишига мўлжалланган бепул немис тили курсларини очамиз. Франция билан ҳамкорликда йилига 1,5 минг нафар фуқарони қонуний мавсумий ишларга жалб этиш бўйича туман тажрибаси жорий этилади.
Мискин маҳалласидаги 42 гектар майдонда илғор тадқиқотлар маркази, талабалар турар жойлари, IT-парк ва технопарк, юқори технологияли ишлаб чиқариш, таълим ҳамда уй-жой объектларини қуришни бошлаймиз.
Йил якунигача 441-сонли боғча тажрибаси асосида “Шифокорлар”, “Умид”, “Ғалаба”, “Чиғатой Оқтепа”, “Беруний” ва “Қичқириқ” маҳаллаларидаги мавжуд боғчалар ҳудудида қўшимча бинолар қуриш бўйича камида 7 та янги лойиҳани бошлаймиз.
Шунингдек, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида Олмазордаги умумий овқатланиш шохобчалари таомномаларида таомлар калориясини кўрсатишни йўлга қўйиб, “Олмазор тажрибаси”ни жорий этамиз.
Азиз тумандошлар!
Юқорида айтилган ҳар бир йўналиш бўйича аниқ ишлар ва объектлар ҳақида тўлиқ маълумотлар, масъул ижрочилар ҳамда ишларни амалга ошириш муддатлари очиқ эълон қилинади.
Шу билан бирга, бу ишларни тўғри ташкил этиш ва, энг асосийси, уларнинг натижадорлигини таъминлашда муҳтарам олмазорликлар ҳамда туманимиз фаолларининг фаол иштироки зарур. Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, ҳар биримиз “Бу — менинг кўчам, менинг маҳаллам!” деган эгалик ҳисси билан яшашимиз керак.
Сизлардан ўз маҳаллангиз ва кўчангизда олиб борилаётган ишларга бефарқ бўлмаслигингизни ҳамда ишларнинг бориши устидан жамоатчилик назоратини ташкил этишда амалий ёрдам беришингизни сўрайман.
Барча масалалар бўйича туну кун бевосита туман ҳокимлигига, шунингдек, туман ҳокимлигининг расмий веб-сайти ва Telegram, Instagram ҳамда Facebook ижтимоий тармоқларидаги саҳифалари орқали мурожаат қилишингиз мумкин.
Шунингдек, ҳар бир маҳалладаги “маҳалла еттилиги” ходимлари ҳам бу масалаларда сизга ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатади.
Ўз зиммамга олган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан ҳар ойда Халқ депутатлари Олмазор тумани Кенгаши йиғилишида ҳисобот бераман. Ушбу режа бўйича биринчи ҳисоботни 1 октябрда тақдим этаман.
Биз сизга барча зарур шароит ва имкониятларни яратиб беришга, туманимизни камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантиришга, эришиладиган натижаларни барқарор сақлаб қолишга ҳамда давлатимиз раҳбари ва халқимиз билдирган юксак ишончни амалий натижалар билан оқлашга ваъда берамиз!
Ҳурмат билан,
Туман ҳокими К. А. Туляганов








