Жамиятда аёллар ўрни янада мустаҳкамланмоқда
2025-10-23 10:55:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда Оҳангарон туманида жами 48 минг 430 нафар хотин-қиз истиқомат қилади. Улардан 18 минг 400 нафардан ортиғи турли соҳаларда фаолият юритиб келмоқда. Жумладан, саноат ва ишлаб чиқариш соҳасида – 6 минг нафардан, савдо-хизмат кўрсатиш ва ижтимоий соҳаларда – 9 минг нафардан, таълим тизимида – 1 200 нафардан, тиббиёт тизимида – 1 100 нафардан ортиқ, бошқарув тизимида – 350 нафардан ортиқ хотин-қизлар самарали меҳнат қилмоқда. Шунингдек, Халқ депутатлари Оҳангарон туман Кенгаши депутати сафида 10 нафар, тадбиркорлик соҳасида 160 нафар аёл фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, туманда 4 138 нафар оила бекалари, 7 нафар отинойи, 34 нафар хотин-қизлар фаоли, 6 нафар ИИБ ходими бор. Олий таълим муассасаларида 1 646 нафар хотин-қиз таҳсил олмоқда, 7 500 нафардан ортиқ онахонлар эса пенсия ёшида.
“Аёллар дафтари” орқали манзилли ёрдамлар кўрсатилди
Оҳангарон туманида “Аёллар дафтари”нинг 6-босқичига жами 3 250 нафар хотин-қиз киритилган бўлиб, уларнинг барчасига амалий ёрдамлар кўрсатилди (режа 100 фоизга бажарилган). Тоифалар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, 1-тоифадаги – ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 1 659 нафар ишсиз хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. 2-тоифа – тадбиркорлик қилиш истагида бўлган 606 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 145 нафарига имтиёзли кредит ажратилди. 461 нафарига эса бизнес-лойиҳа тайёрлашга кўмаклашилди. 3-тоифа – 369 нафар боқувчиси йўқ хотин-қизларга моддий ёрдам берилди. 4-тоифа – ногиронлиги бор ва тиббий ёрдамга муҳтож 385 нафар хотин-қизларга ҳам моддий ёрдам берилди. 5-тоифа – уй-жойга муҳтож хотин-қизлар бўйича “Аёллар дафтари”га киритилганлар мавжуд эмас, 6-тоифа – қарамоғида ногирон фарзанди бор 231 нафар хотин-қизга ҳам моддий ёрдам кўрсатилди.
Жамиятда аёллар ўрни янада мустаҳкамланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 14-мартдаги 103-сонли қарорига асосан, эҳтиёжманд хотин-қизларни психологик қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш мақсадида “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган 150 нафар хотин-қиз Бўстонлиқ туманидаги “ЛИВEНСТОН” дам олиш масканига юборилди.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан, эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга олий таълим муассасаларига киришда қўшимча имкониятлар яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида туманимиздаги 19 нафар хотин-қизларга тавсиянома берилди. Шунингдек, узлуксиз 5 йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган 8 нафар хотин-қиз олий таълим муассасаларига кириш учун имтиёзли тавсияномага эга бўлди.
Жорий йил давомида бўлим томонидан “Эрта туғруқнинг олдини олиш”, “Қизларжон клуби”, “Бувижонлар мактаби”, “Тўйлар ҳақида ўйлар”, “Ҳуқуқий тарғиботлар”, “Соғлом турмуш тарзи” каби кўплаб тарғибот тадбирлари ўтказилди. Ўтказилган тадбирлар ўз самарасини бериб, оилавий ажримлар сони камайди. 2025-йилнинг 9 ойи давомида туманда 93 та оилавий ажрим қайд этилган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада камайганини англатади.
Хотин-қизлар бандлиги ва мурожаатлар ҳал этилмоқда
2025-йилнинг биргина сентябрь ойининг ўзида 1 286 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди, 483 нафари касб-ҳунарга ўқитилди. 803 нафари доимий иш ўрнига эга бўлди.
Ўтган 9 ой давомида Ўзбекистон Республикаси Халқ қабулхонаси ва бошқа манбалар орқали туманимиз хотин-қизлари томонидан 58 та мурожаат йўлланган бўлиб, ушбу мурожаатларнинг 56 таси қисқа вақт ичида кўриб чиқилди, уларнинг айримлари қаноатлантирилган бўлса, баъзиларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Йўлланган 2 та мурожаат вақт талаб қилганлиги боис назоратга олинди.
Тазйиқ ва зўравонликка қарши кураш олиб борилмоқда
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, амалдаги қонунчиликка мувофиқ хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ҳимояланган. Бироқ, ҳали ҳамон хотин-қизлар тазйиқ ва зўравонликка учрашмоқда. Туманимизда жорий йил давомида 498 нафар хотин-қизларга “Ҳимоя ордери” берилди. Бундан ташқари, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда зўравонликка учраган хотин-қизлар билан учрашувлар ташкил этилиб, уларга ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, туманимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Олиб борилаётган тизимли чора-тадбирлар натижасида аёлларнинг ижтимоий фаоллиги ортиб, иқтисодий мустақилликка эришаётган хотин-қизлар сони йил сайин ошмоқда.
Севара ДЕҲҚОНОВА, туман ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи.
