Миришкор аёл – қишлоқ хўжалиги илғори
2025-10-23 09:50:00 / Янгиликлар

Одатда фермер, деҳқон, умуман қишлоқ хўжалиги соҳасига оид шахс деганда кўз олдимизга узун бўйли, бақувват, оёғида резина этик, бошида шляпа, белига оқ белбоғ боғлаб олган эр йигит гавдаланади. Биз ҳам бугунги мақоламиз орқали бир неча ўн йилдан буён ғаллакорлар орасида пешқадамлик қилиб келаётган, пиёз, картошка, дуккакли ўсимликларни етиштириб, экспорт қилаётган туманимизнинг илғор фермерларидан бири ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.
Фақат ушбу илғор фермеримизга юқоридаги таърифларни қўллаш бироз ноўрин бўлади. Сабаби бугунги кунда туманимизда аёллар ҳам қишлоқ хўжалиги соҳада тенгма-тенг фаолият юритмоқда. Улар орасида Доно Қораева каби илғор ва замонавий ёндашувга эга фермерларнинг борлиги қувонарли.
Доно Қораева – Оҳангарон туманидаги илғор фермерлардан бири. У 10 йилдан зиёд вақт давомида ғалла, пиёз, картошка, дуккакли ўсимликлар, полиз экинларини етиштириш билан шуғулланиб келмоқда.
Доно Қораева 1991-йил Оҳангарон шаҳрининг Бўстон маҳалласида таваллуд топган. Ёшлигидан ерга меҳр қўйиб катта бўлган қаҳрамонимиз 2016-йилда ўзининг фермерлик фаолиятини бошлайди. Фермерлик сир-асрорларини ота-онасидан ўрганган қаҳрамонимиз бугунги кунга келиб, ушбу соҳада етук мутахассисга айланган.
– Фермерлик соҳасига қизиқиш, ота-онамдан ўтган. Онам Раъно опа Қораева ҳам замин билан тиллашган моҳир фермер бўлган. Болалигимизда ота-онам билан деҳқончилик қилардик. Дадам Абдуғофур Қораев эса уруғни ерга қандай қадаш кераклиги, уни парваришлаш борасида билганларини менга ўргатарди. Онам эса буғдойдан сифатли ҳосил олиш борасида тинимсиз изланишлар олиб борарди. Деҳқон хўжалигига оид уйимизда жуда кўп китоблар бўларди, ота-онам ушбу китобларни ўқиб, ўрганганларини амалиётга тадбиқ этишарди.
Дадам Россиянинг Москва шаҳрида ўқиб юрган кезлари қишлоқ хўжалиги соҳасига қизиқиш билдириб, помидор, бодринг каби сабзавот экинларининг ноёб турларини чатиштириш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш борасида олим ва йирик фермерлардан соҳа сирларини ўрганиб қайтган эди.
Дадам бундан 20-25 йил илгари хорижий тажрибаларини амалиётда қўллаб, юқори ҳосил олиш ва янги маҳсулдор сабзовотлар навини етиштириш борасида изланишлар олиб борган. Жумладан, бугунги кунда бодрингдан сифатли ҳосил олиш мақсадида иссиқхоналарда бодринг кўчатларини ип билан юқорига тараш ишлари олиб борилаётган бўлса, биз бу жараёнларни бундан 20-25 йил илгари томорқамизда амалга оширгандик. Баҳоси оддий помидорларга нисбатан анча юқори бўлган гилос (черри) помидорларни ҳам илк бор 2000-2005 йиллар оралиғида етиштириб кўрганмиз. Ўша кезлари кўпчилик бу помидорга касалланган помидор сифатида қараган, бугунги кунга келиб эса гилос (черри) помидор бозорда энг талабгор маҳсулотлардан бирига айланган, – дейди фермер аёл.
Фаолияти давомида кўплаб тўсиқларга дуч келган. Қаҳрамонимиз яқинларининг “Аёл киши уйда ўтириши керак” деган фикрлари қуршовида қолади. Аммо вақт ўтгани сари у ўзининг меҳнати ва ишончи билан жамиятда аёллар ҳам фермерлик соҳасида муваффақиятга эриша олишини исботлади.
Доно Қораева нафақат ерда меҳнат қилади, балки ижтимоий тармоқларда (Youtube, Instagram) ҳам фаол. Унинг Instagramдаги шахсий саҳифаси (@Fermerka_donosha) ни 25 мингдан ортиқ обуначи кузатади. Қаҳрамонимиз блогида фермерлик фаолиятини ёритиш билан бир қаторда ёшлар ва фермерларга агротехник тавсиялар беради.
– Мени ижтимоий тармоқлар орқали таниб, шахсий блогимни кузатувчи обуначиларимнинг кўпчилиги блогер деб ўйлашади. Мендан ўғит ва дори воситаларини тавсия қилиб беришимни сўрашади. Мен фақат синаб кўрилган воситалар ва усулларни тавсия қиламан, синовимдан ўтмаган маҳсулотларни тавсия қилишни рад этаман. Сабаби ҳар бир фермерлик тавсияси амалий тажрибага асосланган бўлиши зарур, – дейди қаҳрамонимиз.
Туманимизнинг илғор фермерларидан бири Доно Қораева жамиятимиздаги хотин-қизларнинг тутган ўрни нақадар ортиб бораётганининг ёрқин намунасидир. Фермер аёллар нафақат ўз оиласи фаровонлиги, балки маҳалла ва жамоатчилик ҳаётида ҳам фаоллик кўрсатиб, ёшлар, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашишмоқда. У замонавий агротехнологияларни ўзлаштириб, ердан самарали фойдаланиш, серҳосил маҳсулот етиштириш ҳамда янги иш ўринлари яратиш орқали иқтисодий ўсишга ҳам ҳисса қўшмоқда.
Севара ТУРҒУНОВА, “Оҳангарон ҳаёти” мухбири.

