ЯШИЛЛИК ҲАР БИР ХОНАДОНДАН БОШЛАНАДИ!
2026-11-18 11:10:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ҳурматли туманимиз аҳли!
Бугун юртимизда экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳит мусаффолигини асраш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва келажак авлод учун соғлом турмуш муҳитини яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан амалга оширилаётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси ҳам айнан шу эзгу мақсадларга қаратилган. Мазкур ташаббус нафақат дарахт экиш, балки табиатга муносабатимизни ўзгартириш, ободлик ва экологик маданиятни кундалик ҳаётимизга сингдиришга қаратилган умумхалқ ҳаракатидир.
Азиз тумандошлар!
Мен барчангизни «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсумида фаол иштирок этишга чақираман.
Аввало, бир ҳақиқатни унутмаслигимиз керак: ободлик ҳар бир хонадондан, яшиллик эса ҳар биримиздан бошланади. Шу боис кўчат экиш ишларини фақат белгиланган жамоат жойлари ёки кўчалар билан чеклаб қўймасдан, ҳар бир хонадон ҳовлиси, томорқаси ва уй-жой атрофидан бошлашимиз зарур.
Ҳар бир оила ўз ҳовлисига камида бир нечта мевали ёки манзарали дарахт кўчати экса, бу нафақат хонадон кўркини оширади, балки бутун маҳалламизнинг экологик қиёфасига ижобий таъсир кўрсатади. Фарзандларимизга табиатни асраш, дарахт экиш ва уни парвариш қилиш маданиятини ўз амалий намунамиз орқали ўргатайлик.
Шунингдек, туманимиздаги барча корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарларидан ҳам ушбу жараёнга алоҳида масъулият билан ёндашишларини сўрайман. Ҳар бир ташкилот ўз биноси атрофидаги майдонларни ободонлаштириши, ўзига бириктирилган ҳудудларда кўчат экиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиши мақсадга мувофиқ. Бунда экиладиган кўчатларнинг ҳудуд иқлими ва тупроқ шароитига мослиги, уларни суғориш ва парваришлаш имкониятлари ҳам инобатга олиниши керак.
Маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар, тадбиркорлар ва кенг жамоатчиликни ҳам бу хайрли ташаббус атрофида бирлашишга чақираман. Зеро, яшил ҳудудларни кўпайтириш фақат бирор ташкилот ёки масъул идоранинг эмас, балки барчамизнинг умумий вазифамиздир.
Энг муҳими, экилаётган ҳар бир кўчатнинг тақдирига бефарқ бўлмайлик. Кўчат экиш — хайрли ишнинг бошланиши, уни парваришлаб, кўкартириш эса ҳақиқий масъулият намунасидир. Бугун эккан дарахтимиз эртага фарзандларимиз ва набираларимиз учун соя-салқин, мусаффо ҳаво ва гўзал табиат бағишлайди.
Қадрли оҳангаронликлар!
Келинг, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасида бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳатликда иштирок этайлик. Ҳар бир хонадон, ҳар бир ташкилот, ҳар бир маҳалла ўз ҳиссасини қўшсин. Туманимизни янада кўкаламзор, обод ва яшаш учун қулай ҳудудга айлантириш йўлида биргаликда ҳаракат қилайлик.
Унутмайлик, бугун эккан кўчатимиз — эртанги авлодга қолдирадиган энг гўзал меросимиздир!
Ҳурмат билан,
Баҳром НОРҚОБИЛОВ,
Оҳангарон тумани ҳокими.
