Оҳангаронда 100 миллион долларлик автозавод қуриш лойиҳаси муҳокама қилинди
2026-11-18 09:05:00 / Янгиликлар

Учрашувда туманнинг инвестициявий салоҳияти, саноат инфратузилмасини ривожлантириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ҳамда хорижий инвестицияларни жалб қилиш масалалари юзасидан музокаралар олиб борилди.
Музокараларнинг асосий мавзуси Оҳангарон туманида замонавий автозавод барпо этиш лойиҳаси бўлди. Қиймати 100 миллион АҚШ долларига баҳоланаётган мазкур лойиҳа доирасида йилига 30 минг дона автобус ва микроавтобус ишлаб чиқариш қувватига эга корхона ташкил этиш режалаштирилган.
Томонлар лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган ер майдонини ажратиш, унинг жойлашуви ва ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ масалаларни атрофлича муҳокама қилдилар. Хусусан, бўлажак корхонанинг ишлаб чиқариш эҳтиёжларига мос ҳудудни белгилаш ҳамда лойиҳани амалий босқичга олиб чиқиш билан боғлиқ ташкилий масалаларга эътибор қаратилди.
Шунингдек, хитойлик инвесторлар томонидан "Оҳангарон–Поп" йўналиши бўйлаб автобус қатновларини йўлга қўйиш ташаббуси ҳам илгари сурилди. Мазкур таклиф юзасидан ҳам фикр алмашилиб, йўловчи ташиш хизматини ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар муҳокама қилинган таклиф ва ташаббусларни чуқур ўрганиш, лойиҳаларнинг амалий жиҳатларини ишлаб чиқиш ҳамда ҳамкорликни давом эттириш масалаларига келишиб олдилар.


