ОҲАНГАРОН ТУМАНИДА «БИР ВАТАН — БИР ЭЛ — БИР БАЙРОҚ!» ШИОРИ ОСТИДА БАЙРАМ ТАДБИРИ ЎТКАЗИЛДИ
2026-11-17 12:00:00 / Янгиликлар

18 ноябрь — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб «БИР ВАТАН — БИР ЭЛ — БИР БАЙРОҚ!» шиори остида байроқ эстафетаси тадбирлари ўтказилмоқда.
Ушбу умуммиллий тадбир доирасида бугун Оҳангарон туманида ҳам тантанали маросим ташкил этилди.
Тадбирда туман фаоллари, корхона ва ташкилотлар вакиллари, нуронийлар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Маросимнинг энг муҳим ва рамзий лаҳзаларидан бири — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи эстафетасининг Наманган вилоятидан қабул қилиб олиниши бўлди. Мустақиллигимиз, миллий ғуруримиз ва бирлигимизнинг муқаддас тимсоли бўлган байроғимиз туман жамоатчилиги томонидан юксак эҳтиром ва ифтихор билан кутиб олинди.
Катта Давлат байроғи туман фаоллари, нуронийлар, ёшлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида тантанали тарзда қабул қилиниб, байроқ эстафетаси паради ўтказилди. Ушбу жараён иштирокчиларда Ватанга муҳаббат, миллий рамзларимизга ҳурмат ва юрт тақдирига дахлдорлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Эстафета тадбиридан сўнг 31-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида байроғимиз қабул қилинган кун муносабати билан маънавий-маърифий ҳамда маданий тадбир бўлиб ўтди.
Унда туман ҳокими ўринбосари Жамшид Латипов сўзга чиқиб, туман ҳокими Баҳром Норқобиловнинг байрам табригини ўқиб эшиттирди. Табрикда Давлат байроғининг мустақиллигимиз, миллий ўзлигимиз, халқимизнинг орзу-интилишлари ва умумий мақсадларимизни ўзида мужассам этган муқаддас рамз экани, уни эъзозлаш ҳар бир фуқаронинг шарафли бурчи экани таъкидланди.
Тадбирнинг маданий қисмида 31-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби, «Жасорат мактаби» ҳамда Спорт мактаби ўқувчилари ўзларининг мусиқий, бадиий ва спорт чиқишлари билан иштирок этишди. Ёшларнинг чиқишлари байрам тадбирига кўтаринки руҳ бағишлаб, уларнинг истеъдоди, иқтидори ва Ватанга бўлган меҳрини намоён этди.









