ХИТОЙЛИК ИНВЕСТОРЛАР БИЛАН ЧОРВАЧИЛИК СОҲАСИДАГИ ҲАМКОРЛИК ИСТИҚБОЛЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
2026-11-16 14:30:00 / Янгиликлар

Бундан бир неча кун аввал Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобилов Хитой Халқ Республикасидан келган тадбиркорлар делегациясини қабул қилиб, чорвачилик соҳасининг бир қатор йўналишларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари юзасидан музокаралар олиб борган эди.
Бугун мазкур делегация таркибидаги бошқа бир гуруҳ тадбиркорлар билан ҳам учрашув бўлиб ўтди. Унда Хитойдан Ўзбекистонга наслли чорва молларини олиб келиш, уларни мамлакатимизда кўпайтириш ва чорвачилик тармоғида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида хорижий инвесторлар ўз таклиф ва ташаббусларини баён этиб, наслли чорва молларини етказиб бериш билан боғлиқ лойиҳаларнинг ташкилий ва амалий жиҳатлари юзасидан фикр алмашдилар.
Туман ҳокими Баҳром Норқобилов Оҳангарон туманида чорвачилик соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун зарур имконият ва қулайликлар мавжудлигини таъкидлади. Шунингдек, таклиф этилаётган ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишда туман ҳокимлиги томонидан инвесторларга амалий кўмак кўрсатилиши маълум қилинди.
Музокараларда илгари сурилган муҳим таклифлардан бири — Оҳангарон тумани ҳудудида махсус карантин ҳудудини ташкил этиш масаласи бўлди. Ушбу ташаббус амалга оширилса, Хитойдан олиб келинадиган наслли чорва молларини белгиланган ветеринария-санитария талаблари асосида карантиндан ўтказиш ҳамда кейинчалик туман орқали мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларига етказиб бериш имконияти яратилади.
Бундай ёндашув нафақат Оҳангарон туманида чорвачилик тармоғини ривожлантириш, балки ҳудуднинг наслли чорва молларини импорт қилиш ва тақсимлашдаги аҳамиятини ҳам оширишга хизмат қилиши мумкин.
Учрашув якунида билдирилган таклифларни атрофлича ўрганиш, лойиҳаларнинг иқтисодий ва ташкилий жиҳатларини аниқлаштириш ҳамда ҳамкорликнинг кейинги босқичларини белгилаш бўйича музокараларни давом эттиришга келишиб олинди.
Хорижий инвесторлар билан бундай мулоқотлар туманда чорвачилик соҳасини модернизация қилиш, наслчилик базасини мустаҳкамлаш, янги инвестицияларни жалб этиш ва аграр тармоқда қўшимча иқтисодий имкониятлар яратиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.



