Маҳаллалардаги долзарб вазифалар ва уларнинг ижроси муҳокама қилинди
2026-11-11 12:40:00 / Янгиликлар

Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобилов раҳбарлигида маҳалла раислари иштирокида муҳокама йиғилиши ўтказилди. Унда маҳаллаларда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш, хонадонлар даромадини кўпайтириш ҳамда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш билан боғлиқ бир қатор долзарб масалалар кўриб чиқилди.
Йиғилишда, аввало, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш борасида маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар таҳлилий муҳокама қилинди. Бу борада ҳар бир хонадоннинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ўрганиш, даромад манбаига эга бўлмаган фуқароларни аниқлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш масалаларига эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, камбағалликни қисқартириш фақат моддий ёрдам кўрсатиш билан чекланмаслиги, балки ҳар бир оила учун доимий даромад манбаини яратиш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва аҳолининг иқтисодий фаоллигини оширишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар орқали таъминланиши лозим. Бу жараёнда маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари ва тегишли масъулларнинг ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсуми доирасида амалга ошириладиган ишлар ҳам муҳокама марказида бўлди. Хусусан, маҳаллалар ҳудудида, кўча ва жамоат жойларида, шунингдек, аҳоли хонадонларида дарахт кўчатлари экиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилишда куз-қиш мавсумида ҳам аҳоли хонадонларидаги томорқа ерларидан самарали фойдаланиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди. Жумладан, «тўқсонбости» экинларини экиш орқали ердан йил давомида унумли фойдаланиш, эрта баҳорда ҳосил олиш ва хонадонлар даромадини ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Маҳалла раисларига хонадонларда томорқа ерларидан фойдаланиш ҳолатини ўрганиш, аҳолига мавсумга мос экин турларини танлаш бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш, уруғлик ва бошқа зарур ресурслар билан боғлиқ масалаларда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.
Туман ҳокими Баҳром Норқобилов муҳокама қилинган ҳар бир йўналиш бўйича маҳалла раисларининг масъулиятини ошириш, белгиланган вазифаларни қоғозда эмас, балки аҳоли хонадонларидаги аниқ натижалар орқали таъминлаш зарурлигини таъкидлади.



