Чорвачилик соҳасида инновацион ёндашувлар
2026-11-09 13:55:00 / Янгиликлар

Оҳангарон туманида чорвачилик соҳасини ривожлантириш, чорва моллари учун озуқа базасини мустаҳкамлаш ва маҳсулдорликни оширишда замонавий технологиялар ҳамда инновацион усуллардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, туманда фаолият юритаётган «Агро Эко Фарм» МЧЖга қарашли чорвачилик комплексида озуқа етиштиришнинг самарали усулларидан бири — гидропоника технологияси асосида буғдой ўстириш амалиёти йўлга қўйилди.
Гидропоника технологияси — ўсимликларни тупроқсиз, сув ва зарур озуқа моддалари ёрдамида етиштириш усули ҳисобланади.
Ушбу усулда буғдой донлари махсус шароитда маълум муддат давомида ундирилиб, яшил озуқа ҳолига келтирилади. Тайёр бўлган озуқа чорва молларининг кундалик рационига қўшиб берилади. Бу эса анъанавий озуқа турларини тўлдириш, рационни бойитиш ва озуқа тайёрлаш жараёнида муқобил имкониятлардан фойдаланишга хизмат қилади.
Гидропоника усулининг муҳим жиҳатларидан бири — озуқа етиштириш учун катта ер майдонларига эҳтиёж йўқлиги, жараённи назорат қилинадиган шароитда ташкил этиш мумкинлиги ва йил давомида яшил озуқа олиш имконияти мавжудлигидир.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай озуқанинг чорва рационида меъёр асосида қўлланилиши озиқлантириш самарадорлигини оширишга ёрдам беради.
Оҳангарон тумани ҳокими ўринбосари Акмал Бойқобилов ушбу фермер хўжалигида бўлиб, жараён билан танишди.





