ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАРГА КАСБ-ҲУНАР СЕРТИФИКАТЛАРИ ТОПШИРИЛДИ
2026-11-06 11:20:00 / Янгиликлар

Оҳангарон туманида жойлашган Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиларга касб-ҳунар сертификатларини топширишга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, ҳарбий хизматчилар тумандаги 2-сон техникумда дуал таълим тизими асосида таҳсил олиб, муайян касб ва мутахассисликларни эгаллашди. Мазкур таълим шакли назарий билимларни бевосита амалий кўникмалар билан уйғунлаштириш, ҳарбий хизмат давомидаёқ фуқаролик ҳаётида ҳам асқотадиган касбий малакани шакллантириш имконини берди.
Тадбирда Оҳангарон тумани ҳокими ўринбосари Жамшид Латипов иштирок этиб, туман ҳокимининг ҳарбий хизматчиларга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Унда мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг касб-ҳунар эгаллаши, замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга бўлиши учун яратилаётган имкониятлар муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Сўзга чиққанлар ҳам юртимизда ёшларнинг таълим олиши ва касб эгаллаши учун яратилаётган шароитлар, дуал таълим тизимининг амалий аҳамияти хусусида фикр билдиришди. Хусусан, ҳарбий хизматчиларнинг хизмат вазифаларини бажариш билан бир қаторда касбий билим ва малакаларини ошириб бориши уларнинг келгуси ҳаёти, меҳнат фаолияти ва жамиятда муносиб ўрин эгаллашида муҳим омил экани қайд этилди.
Тадбир якунида таълим дастурини муваффақиятли тамомлаган ҳарбий хизматчиларга касб-ҳунар сертификатлари тантанали равишда топширилди.
Ушбу ташаббус ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва ҳаётда ўз ўрнини топиши учун зарур билим ҳамда кўникмалар билан қуроллантиришга қаратилган ишлар амалий ифодасидир.









