ОҲАНГАРОНДА ЧОРВАЧИЛИК ИНФРАТУЗИЛМАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ БЎЙИЧА АМАЛИЙ СЕМИНАР ЎТКАЗИЛДИ
2026-11-04 13:35:00 / Янгиликлар

Оҳангарон туманида қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланиш, чорвачилик йўналишини кенгайтириш ва аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлашга қаратилган амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 31-октябрдаги «Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–322-сонли қарори ижроси доирасида Оҳангарон туманидаги «Оҳангарон Фазлиддин Довуд» масъулияти чекланган жамияти фермер хўжалигида вилоят фермерлари иштирокида амалий семинар ташкил этилди.
Тадбирда Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобилов, вилоят ҳокими ўринбосари Ҳуршид Қорабоев, вилоят Чорвачилик ва яйлов хўжалиги бошқармаси бошлиғи Одилжон Атауллаев ҳамда вилоятнинг турли ҳудудларидан келган фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.
Семинар давомида Президентимизнинг мазкур қарорида белгиланган вазифалар, хусусан, қишлоқ хўжалиги ерларидан оқилона фойдаланиш, чорвачилик инфратузилмасини барпо этиш ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.
Қарорга мувофиқ, умумий пахта-ғаллачилик ва чорвачилик хўжаликларининг 10 гектардан кам бўлмаган ер майдонларининг 1 фоизи, бироқ 20 сотихдан ошмайдиган қисмида чорвачилик инфратузилмасини барпо этиш учун зарур шароитлар яратиш белгиланган.
Шу мақсадда семинар иштирокчиларига енгил конструкцияли молхона қуриш, чорва молларини сақлаш учун қулай ва замонавий шароитлар яратиш, мавжуд ер майдонларидан мақсадли фойдаланиш ҳамда чорвачиликни ривожлантириш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Тадбир доирасида «Оҳангарон Фазлиддин Довуд» фермер хўжалигида амалга оширилган ишлар, чорвачилик инфратузилмасини ташкил этиш тажрибаси ва хўжалик фаолиятида қўлланилаётган ёндашувлар иштирокчиларга намойиш этилди. Хўжаликдаги амалий тажрибалар оммалаштирилиб, фермерлар ўртасида ўзаро фикр ва тажриба алмашиш имконияти яратилди.
Семинарда чорвачилик соҳасини ривожлантириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кўпайтириш ва аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлашда бундай амалий тадбирларнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.









